Жамият
Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлган наманганлик икки аёлнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Чортоқ туманининг «Нурафшон» маҳалласида истиқомат қилган Машҳура Нурматова 2023 йилнинг 14 январь куни Туркияга кетган ва у ерда кекса эр-хотиннинг уйида хизматчи бўлиб ишлаган. 6 февраль куни у билан алоқа узилган. Уни ўша ерда таниган-билган ўзбекистонлик аёллар Машҳура Қаҳрамонмарашдаги зилзила оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида яқинларига хабар берган.
Шундан сўнг унинг укаси Низомжон Туркияга отланган ва 11 февраль куни опасининг жасадини Истанбул—Фарғона авиарейси билан Ўзбекистонга олиб келган. Бугун, 12 февраль куни марҳума Чортоқдаги маҳаллий қабристонда дафн этилди.
Яқинларининг айтишича, марҳуманинг жасади 4 қаватли бино вайроналари остидан, ўзи ишлаётган уйдаги эр-хотин жасади билан ёнма-ён топилган. Бу унинг зилзила пайти қарамоғидагиларни ташлаб кетмагани, фалокатдан қутқаришга ҳаракат қилганидан далолат беради.
Қирқ ёшни қаршилаган Машҳура Нурматова турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг 13 ва 14 ёшдаги икки қизини тарбиялаб келаётганди. Унинг дафн маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Динара Ёқубова, Чортоқ тумани ҳокими Анвар Отахўжаев иштирок этди. Улар марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этиб, бу оилага кўмак беришга тайёр эканликларини билдирди.
Шунингдек, Норин туманидаги «Боёвул» маҳалласида истиқомат қилган 45 яшар Барчиной Мирзаева 2022 йил ноябрида Туркияга йўл олган ва Шонлиурфа шаҳрида кекса аёлга қаров билан машғул бўлган. Яқинларининг билдиришича, у 6 февраль куни рўй берган зилзиладан соғ-омон чиққан, бироқ ўзи ишлаётган хонадон вакиллари билан машинада кетаётган пайт зилзиладан қулаётган уйларни кўриб юраги дош бермаган ва шу ердаги касалхонада вафот этган. Унинг аввалдан юраги заиф бўлгани айтилмоқда.
Барчиной Мирзаева ҳам 18 яшар талаба қизини ёлғиз вояга етказаётган эди. Марҳуманинг дафн маросими эртага, 13 февраль куни ўзи туғилиб-ўсган маҳаллада бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Маданият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Маданият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ