Зилзила қурбонлари сони 8 мингга яқин, омон қолганларни топишга умид камаймоқда

Сақлаш
15:47 / 08.02.2023 1110 0

Туркия ва Суриядаги вайронкор зилзилалардан кейинги учинчи кунга келиб харобалар остида қолиб кетган одамларни қутқариш имкониятлари камайиб кетди.

 

Айни вақтга келиб икки мамлакатда зилзила қурбонлари сони 7800 нафардан ошган. AFP агентлиги аниқлик киритишича, Туркияда 5894 киши ўлими тасдиқланган, Сурияда – 1932 қурбон.

 

Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай мамлакатда 34 мингдан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида маълумот берган.

 

Dpa агентлиги эса Сурия соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Оқ каскалилар» ташкилоти маълумотларига таяниб, Сурияда 2270 кишининг ўлими ҳақида хабар берган. Бу ҳолда икки мамлакатда ҳалок бўлганларнинг жами сони 8100 дан ошади.

 

Бу рақамлар якуний эмас ва ўсишда давом этади, чунки харобалар остида ҳали ҳам одамлар қолмоқда. Қишнинг совуқ кунларида эса уларни ер остидан тирик ҳолда чиқариб олиш имкониятлари янада пасаяди.

 

6 феврал куни соат 4 дан ошганда 7,8 магнитудали биринчи зилзила Туркия жануби-шарқидаги Ғозиантеп шаҳрига яқин ҳудудда содир бўлди. Куннинг иккинчи ярмида эса 7,5 магнитудали иккинчи зилзила рўй берди. Биринчи зилзила вақтида жиддий шикастланган минглаб бинолар, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва турар жойлар иккинчи ер силкиниши чоғида қулаб тушди, сон-саноқсиз одам бошпанасиз қолди.

 

«Ҳозирда бу вақт билан пойга. Ҳар дақиқа, ҳар соат омон қолганларни топиш имконияти камайиб бормоқда», дея маълум қилди Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

 

ЖССТ вакили Аделхайд Маршангнинг сўзларига кўра, Туркия ва Суриядаги зилзила оқибатида 23 миллион киши жабр кўрган бўлиши мумкин. Бирлашган миллатлар ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) вакили Жеймс Элдер вайроналар остида минглаб болалар ҳалок бўлгани борасида хавотир билдирди.

 

Хорижий давлат раҳбарлари ҳалокатли табиий офат муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва ҳар томонлама ёрдам таклиф этди. БМТ зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун 25 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.

 

Суриядаги вазият кўп йиллик фуқаролик уруши туфайли янада оғир: кўплаб бинолар ҳарбий ҳаракатлар чоғида шикастланганди ва зилзила туфайли қулаб тушди; кўплаб ҳудудларга қутқарувчилар ва гуманитар ёрдам етиб бориши қийин.

 

Туркия жанубида ҳам Суриядан келган кўплаб қочқинлар яшайди, уларнинг аксари шошилинч тарзда қурилган ёки эскириб кетган биноларда яшайди. «Бир фалокат ортидан бошқаси келди. Туркиянинг бу қисмида, Ғозиантеп каби жойларда миллионлаб суриялик қочқинлар бор ва улар кўпинча у қадар мустаҳкам бўлмаган уйларда истиқомат қилишади. Бу эса ҳалокат рецепти», дейди «Чегарасиз шифокорлар»нинг британиялик ижрочи директори Натали Робертс BBC учун интервьюсида.

 

Табиий офат оқибатларини бартараф этиш соҳасида эксперт бўлган профессор Люси Истҳоуп эса жабрланувчиларга ёрдам беришни истаганларга буюмлар эмас, пул юборишни маслаҳат берган.

 

«Бундай вазиятда энг муҳими ва фойдалиси - бу пулдир. Қўлидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилаётган ноҳукумат ташкилотлари, хайрия ташкилотлари ва давлат ташкилотлари бор. Уларга нафақат ҳозир, балки келгуси йилларда ҳам керак бўладиган нарса  - бу пулдир», дейди у. У Туркия ёки Суриядан узоқ ҳудудларда, масалан, иссиқ кийимлар йиғиш катта эҳтимол билан фойдасиз эканини таъкидлаган.

 

БМТнинг гуманитар ёрдам бўйича собиқ координатори Ян Эгеланд BBC билан интервьюда Суриядан вазиятга келиб чиққан ҳолда пулларни можаро тарафларидан бирига – Асад режимига ҳам, мухолифатга ҳам бермасликни тавсия қилган.

 

«Барча ёрдамлар ноҳукумат ташкилотлар орқали – БМТ агентликлари, Қизил Хоч ёки Қизил яримой тизимлари орқали юборилиши керак», деган у.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//