Жамият
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг Фарғона вилоятида тиббиёт ходимлари ва ОАВ вакиллари билан учрашувда тизимдаги коррупцияни бартараф этиш масаласидаги фикрлари акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Видеода журналист вазирнинг ишга тайинланиши билан илгари сурган ташаббусига таклиф сифатида «коррупцияни йўқотиш учун аввало яхши шароит ва ойлик билан таъминлаш зарурлиги, шундагина, бу иллат ўз-ўзидан йўқолишини» айтади.
Вазир эса бунга қуйидагича фикр билдирган: «Тўғри, гапингизда жон бор. Биз ривожланаётган давлатмиз. Шифокорларимизнинг ойлигини бирдагина 2000−5000 доллар қила олмаймиз. Мактабларимиз бор. Муаммо кўп. Лекин бу секин-аста бўляпти».
У гап раҳбар-шифокорлар ҳақида кетаётганини таъкидлаб, ходимлардан бирининг ойлик маоши қанчалигини сўради. Саволга жавобан шифокор 5,5 млн сўм ойлик олишини айтган. Вазир яна савол билан юзланиб, ундан бемор кўриш-кўрмаслигини сўради ва тасдиқ жавобини олади.
«Шу беморни агар меҳр билан даволасангиз, рози бўлиб, ўзи сизга баракасини (пул назарда тутилмоқда — таҳр.) бериб кетади. Сўрамасангиз ҳам ўзи хурсанд бўлиб, бериб кетади. Вазир сифатида айтиш қанчалик тўғри [ёки йўқ], лекин очиқ-ойдин айтяпман. Етмайдими? Мана савол. Етмайдими деган саволни ўзимизга ўзимиз беришимиз керакда», — деди Амрилло Иноятов.
У, шунингдек, ўзи ҳам операция қилишини (яъни беморларга хизмат кўрсатишини) қўшимча қилган ва одам сабрли бўлиши, қаноат билан ўз устида ишлаши ва ўз брендини яратиши кераклигини айтган.
«Гар қаноат бирла юрсанг барқарор, дунёда ҳеч бўлмагайсан хору зор. Одам сабрли бўлиб, қаноат билан ўз устида ишлаб, ўз брендини яратса, халқнинг ўзи шундай боқадики… Эҳ-ҳе, жонажон халқимиз оёғингизни ерга теккизмай олиб юради», — деди ССВ раҳбари.
Вазир сўзида давом этар экан, раҳбарларда гап кўплигини айтиб, ректорлик фаолиятидаги ишларини ҳам сўзлаб берди.
«Тўғри, вақти-соати билан 1-2 ёки 5 йилдан кейин 5-10 минг доллар оладиган кунлар келади. Бунда ҳар бир ташкилот раҳбарида гап кўп. Ўзимнинг олдинги ташкилотимда (Бухоро давлат тиббиёт институти) ректор бўлиб ишлаган пайтимда, бундан 5−6 йил олдин, ходимларим бугун 10 млндан 30 млн сўмгача ойлик оляпти. Шунақа шароит қилиб берганман. Шунақа пул топиш йўлларини қилиб берганман. Расмий пул топамиз ва ишига қараб, шу пулнинг тақсимотини қиламиз. Марҳамат, ҳамма раҳбарга бу ваколат берилган. Бу раҳбарнинг шахси билан боғлиқ, жудаям тўғри савол бердингиз. Бунинг учун раҳбар тўғри ишлаши, тоза бўлиши керак. Ўзидан бошлаши лозим, ҳамма параметр бўйича ўзи намуна бўлиши зарур», — деган Иноятов.
Эслатиб ўтамиз, Амрилло Иноятов 2022 йилнинг декабрь ойи сўнгида Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган. У 2023 йилни тизимда Коррупцияга қарши кураш йили деб эълон қилганди. «Ишонч телефони» сифатида ўзининг шахсий рақамимни ҳам оммага маълум қилганди.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ