1 февралдан нималар ўзгаради?

Сақлаш
17:30 / 01.02.2023 926 0

«Электрон адвокатлик ордери»ни бериш амалиёти йўлга қўйилади 

 

Адвокатлик тузилмалари томонидан адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус ҚР-код қўйилган «Электрон адвокатлик ордери» берилади. Шунингдек:

 

– ушбу ордер ҳақидаги маълумотни «Юридик ёрдам» ахборот тизимига киритиш мажбурий ҳисобланади;

– адвокат сўрови шаклига қўйилган талаблар, шу жумладан, унга ордернинг кўчирма нусхасини илова қилиш, ордерни қайд этиш дафтарини юритиш талаблари бекор қилинади.

 

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга банк кафолати берилади 

 

Қимматбаҳо металларни товар-хомашё биржаси орқали кечиктириб тўлаш шарти билан сотганда:

– сотиб олинган қимматбаҳо металлар учун тўлов мажбуриятларини «Ўзмиллийбан» АЖнинг кафолати билан бир қаторда бошқа банкларнинг кафолатлари ҳамда тегишли ташкилотнинг кафиллиги билан ҳам таъминлашга;

– банк кафолатини заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга ҳам беришга;

– тўлов мажбуриятларини таъминлаш мақсадида бериладиган банк кафолати бўйича хизмат ҳақини тарафларнинг келишувига асосан қатъий миқдордаги суммада белгилашга рухсат этилади.

 

Педагог кадрлар тайёрлашда халқаро доирадаги илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади 

 

2022–2026 йилларда педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича йўл харитасига асосан, хорижий олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари билан ҳамкорликда халқаро доирадаги илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш йўлга қўйилади.

 

Айрим постларда «Яшил» ва «Қизил» тамойили асосида автотранспортлар ҳаракатланиши йўлга қўйилади

Қуйидаги йўл-патруль хизмати стационар постларида автотранспортларнинг «Яшил» ва «Қизил» йўлак тамойили асосида ҳаракатланиш тартиби жорий этилади:

– Андижон вилоятининг 45-ЙПХ стационар постида;
– Тошкент шаҳрининг «А.Турбонов», «Эркин», «Бектемир», «Шарқ» ЙПХ стационар постларида.

 

Қиймати 100 миллион сўмгача заргарлик буюмларини божхона декларациясини тўлдирмасдан олиб чиқиш мумкин

 

Қуйидагиларга рухсат этилади:

– резидент ва норезидент жисмоний шахсларга — қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга;

– заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга — заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга.

 

Касаначиликни кенгайтириш учун ҳоким ёрдамчилари тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори оширилади 


«Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–39-сон, 31.01.2023 й.) қабул қилинди


Қарорга кўра, 2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун камида 13 триллион сўм йўналтирилади.



2023 йил 1 февралдан:



– кредитлар устувор равишда дастурлар бўйича аввал кредитлардан фойдаланмаган аҳоли ва тадбиркорларга ажратилади;

– узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача гаровсиз кредит берилади;

– тадбиркорларнинг маҳаллаларда ишлаб чиқаришни, хизмат кўрсатиш соҳасини ва ҳунармандчиликни ҳамда аҳоли билан кооперация ва касаначиликни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалари учун ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади.
 

Бунда, ташаббускор лойиҳада камида 30 фоиз улуш билан иштирок этиши лозим;

– дастурлар доирасида илгари олган кредитларидан самарали фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини янада кенгайтириши учун мазкур кредитлардан такроран фойдаланишга рухсат этилади;

– ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра кредит суммасининг 10 миллион сўмгача бўлган қисми (ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача) банк карталарига (нақдлаштириш имкониятини чеклаган ҳолда) ўтказиб берилади.
 

2023 йил 1 июндан аҳоли ва тадбиркорларга кредит ажратиш жараёнида қарз олувчини ИД-картадаги (биометрик паспортдаги) биометрик маълумотлар асосида идентификация қилиш йўлга қўйилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//