Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига табрик йўллади.
Ҳурматли шифокорлар!
Қадрли соҳа фахрийлари!
Аввало, сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Жаҳон тиббиёт илмининг асосчиларидан бири, буюк аллома Абу Али ибн Сино бобомиз айтганларидек, одамлар дардига дармон бўлмоқ – эзгулик ва олижанобликнинг юксак намунасидир.
Халқимиз сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ана шундай улуғ ва масъулиятли ишга бағишлаган, эл-юрт саломатлигини асраш йўлида бор билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳоратини сафарбар этиб келаётган шарафли касб эгаларини кўради ҳамда машаққатли меҳнатингизни доимо муносиб қадрлайди.
Чиндан ҳам, инсон саломатлиги жамиятнинг бебаҳо бойлиги, шифокорлар эса ана шу бойликнинг фидойи посбонларидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Азиз дўстлар!
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлашда соғлиқни сақлаш тизими устувор аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам юртимизда тинчлик ва соғлиқни таъминлашга эришсак, қолган ҳамма нарсага эришамиз, деган фикрни яна такрорлашни ўринли, деб биламан.
Айни шу мақсадда республикамизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги беш йилда соҳага оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, жумладан, 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинганини таъкидлаш лозим.
Тиббиёт соҳасини молиялаштириш ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Буни жорий йилда соҳага 18 триллион сўмдан зиёд ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ ажратилгани ҳам яққол тасдиқлаб турибди.
Мамлакатимизда тиббиётнинг уч босқичли миллий модели – бирламчи тиббий-санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғи яратилиб, самарали фаолият юритмоқда. Энг муҳими, тиббиёт муассасалари халққа янада яқинлашмоқда.
Тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланмоқда. Буни биргина мисол, яъни, қисқа даврда буйрак, жигар ва ўзак ҳужайраларда 700 дан ортиқ мураккаб операциялар муваффақиятли амалга оширилганида ҳам кўриш мумкин.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ишлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Хусусан, ҳомиладор аёллар саломатлигини доимий назорат қилиш тизими йўлга қўйилгани оналар ва гўдаклар ўлимини сезиларли камайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ўтган даврда патронаж хизмати мутлақо янгича асосда ташкил этилди. Ҳамшираларнинг уйма-уй юриб, ҳар бир фуқаро саломатлигини назорат қилиб бораётгани касалликларнинг олдини олиш ва аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришда катта роль ўйнамоқда.
Давлат тиббиёт муассасалари билан бирга, хусусий клиникалар сони кўпайиб, улар 129 та йўналишда фаолият кўрсатаётгани соҳада соғлом рақобатни, аҳоли учун танлаш имкониятини оширишга хизмат қилмоқда.
Муҳтарам юртдошлар!
Коронавирус пандемияси бутун дунё қатори халқимиз, айниқса, Ўзбекистон тиббиёти учун ҳам жиддий синов бўлганини барчамиз яхши биламиз. Эл бошига иш тушган ана шундай оғир ва мураккаб пайтда биринчи бўлиб ёрдамга шошилган, вирус ўчоқларида ўз ҳаётини хатарга қўйиб, бу хавфли касалликка қарши мардона курашган соғлиқни сақлаш ходимларига ушбу қувончли айёмда яна бир бор миннатдорлик билдирамиз.
Айнан сизларнинг саъй-ҳаракатингиз билан пандемияга қарши курашнинг илғор усул ва воситалари ишлаб чиқилиб, амалда жорий этилмоқда. Ҳозирги кунда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари муваффақиятли олиб борилмоқда.
Эл-юрт саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларини муносиб рағбатлантириш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Бунинг тасдиғини уларнинг иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, моддий манфаатдорлигини оширишга қаратилган ишларимиз мисолида кўриш мумкин.
Агар 2019 йилдан буён ушбу тизимда меҳнат қилаётган юртдошларимиздан қарийб 550 нафари юксак унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган бўлса, куни кеча имзоланган фармонга кўра яна 82 нафар тиббиёт ходими давлат мукофотларига сазовор бўлдилар.
Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасини ушбу муносиб эътироф билан чин дилдан табриклайман.
Ҳурматли соҳа ходимлари!
Халқимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш биз учун бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади. Келгусида соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, яқин беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш белгилангани бу борадаги режаларимиз кўламидан далолат беради.
Асосий вазифамиз – тиббиёт соҳасини юқори самара билан ишлайдиган, чинакам халқчил тизимга айлантиришдан иборат.
Бу борада соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлим ҳолатларининг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини ўтказиш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича самарали чоралар амалга оширилади.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Биз ўз олдимизга қўйган буюк мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этишга фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина қодир бўлишини албатта барчамиз яхши тушунамиз.
Ана шундай баланд марраларга эришишда эл-юртимиз дардига ҳамиша дармон бўлиб келаётган сиз, азизлар, бор куч-ғайратингиз, билим ва малакангизни аямасдан меҳнат қиласиз, деб ишонаман.
Сизларни касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қўлингиз дард кўрмасин, азиз шифокорлар!
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ