«Док-1 Макс»дан ўлган болаларнинг яқинларига компенсация тўланадими? ССВ вакили жавоб берди

Сақлаш
15:42 / 19.01.2023 1672 0

Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» дори воситаларининг ножўя таъсири сабаб Ўзбекистонда 20 нафар бола ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси билан вафот этди. Бунинг ортидан Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси «Quramax Medical» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига жиноят иши қўзғатди.

 

18 январь куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида Соғлиқ сақлаш вазирлиги расмийларидан «Док-1 Макс» дори воситаларидан вафот этган болаларнинг оила аъзоларига компенсация тўлаш масаласида изоҳ сўралди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг маълум қилишича, айни пайтда ҳар бир ўлим ҳолати ўрганилмоқда.

 

«Болаларнинг дори ичганлиги тўғрисида ота-онаси билан суҳбатдан кейин аниқланган. Қайси дорини ичган, қайси доридан заҳарлангани ҳужжат билан тасдиқлансагина, компенсация тўлаш бўйича юридик жараёнлар бошланиши мумкин бўлади», — деди вазир ўринбосари.

 

«Болаларнинг заҳарлангани оддий шифохонада аниқланмади, уларнинг ҳаммаси нефрология, сунъий буйрак марказларида аниқланди. Сунъий буйрак марказидаги болаларнинг 50 фоизи оғир асоратли ва ўлимга олиб келадиган патология билан ётади. Шунинг учун бу тўсатдан ёки йўқ жойдан бўлиб чиққан эмас, улар (вафот этганлар назарда тутилмоқда — таҳр.) нефрология марказидаги болалар. Ҳозир уларнинг ҳар бири тўғрисида текширувлар олиб бориляпти, бу исботланса, кейин ҳеч қандай эътирозсиз барча компенсация маблағи тўланади», — деди Элмира Боситхонова.

 

Унинг қўшимча қилишича, одамларда «Док-1 Макс» дорисини қабул қилишга ишонч пайдо бўлган. Шу сабабли уларнинг ўзи шифокорга бормасдан мустақил қабул қилишни бошлаган.

 

Маълумот учун, «Док-1 Макс» препаратини истеъмол қилиш натижасида вафот этган болалар сони 20 нафарни ташкил қилади. Ҳозирда «Док-1 Макс» сиропини Ўзбекистонга олиб кирувчи «Quramax Medika» фармацевтика компаниясининг лицензияси бекор қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//