Талабаларга харид қилинган темир йўл чипталари бепул алмаштириб берилади

Сақлаш
22:58 / 17.01.2023 1127 0

Чипталарга чегирма ва бепул алмаштириб бериш муддати узайтирилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

 

Қайд этилишича, Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларга ўқув графикларини мослаштирган ҳолда амалга оширилади.

 

Назорат ишлари (оралиқ, якуний) таълим муассасалари томонидан белгиланадиган шаклларда босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин. Бунда, барча талаба ва ўқувчиларга назорат ишларида иштирок этишларига имконият яратилади.

 

Шунингдек, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари учун қишки таътил муддати узайтирилиши муносабати билан темирйўл поездларига қўшимча жойлар сони янада кўпайтирилиб, харид қилинган йўл чипталари бепул алмаштириб берилади. Бундан ташқари, тезюрар ва йўловчи поездларга чипталарнинг эконом синфи тарифи қийматидан 50 фоизли чегирма сотуви муддати ҳам узайтирилади.

 

Барча темирйўл кассаларида талаба-ўқувчилар аввал харид қилган чипталарини бошқа санага алмаштиришлари ёки таътил якунлангунига қадар чегирма билан сотиб олишлари мумкин бўлади.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ республиканинг деярли барча ҳудудларида қишки таътил муддати 22 январга қадар узайтирилгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//