Энергетика вазирлиги корхона ва ташкилотлар ходимларини онлайн иш режимига ўтказишга чақирди

Сақлаш
21:43 / 16.01.2023 1159 0

Энергетика вазирлиги совуқ кунларда газ ва электр энергиясига бўлган талабнинг ошиши, уларни етказиб беришда юзага келаётган муаммолар ҳамда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан мурожаат билан чиқди.

 

Қайд этилишича, аномал совуқ туфайли 12 январда қўшни мамлакатнинг табиий газ қазиб чиқариш конларида юзага келган авариявий ҳолат табиий газ импортининг тўлиқ тўхташига ва боз устига электр энергияси импортининг 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлган. Энергия ресурслари тақчиллиги кузатилаётган пайтда ушбу ресурсларни биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун электр энергияси экспорти тўхтатилган.

 

Бундан ташқари, йирик саноат корхоналарига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳажми ўртача 70–80 фоизга қисқартирилган. Шу кўрилган чораларга қарамасдан республиканинг электр энергияси истеъмоли энг баланд кўрсаткичга, яъни 250 миллион киловатт/соатга чиққан. Шунингдек, табиий газга бўлган кунлик талаб қазиб чиқаришга нисбатан юқорилигича сақланиб қолмоқда.

 

Маълумот учун, 2022 йил 31 декабрь куни чеклов киритилмаган ва кунлик электр энергияси истеъмоли 220 миллион киловатт/соатни ташкил этган. Биргина Тошкент шаҳрида 13 январь куни электр энергияси истеъмоли 32 миллион киловатт/соатдан ортиб, турли сабабларга (авариявий ҳолатлар ва чекловлар) кўра 1 миллион киловатт/соат электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмади.

 

«Табиий газни аҳолига йўналтириш учун иссиқлик электр станцияларида табиий газ ёқиш ҳажми камайтирилиб, захирадаги мазут ёқилғиси режага нисбатан 3 баробарга кўп ёқилмоқда. Ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан жорий куз-қиш мавсумида Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг юқорилиги сабабли гидроэлектр станциялар томонидан режага нисбатан 170 фоиз электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда», дейилади хабарда.

 

Табиий газ танқислиги кузатилаётган шу кунларда истеъмолчилар хонадонларни иситиш учун электр қурилмаларидан кенг фойдаланаётгани таъкидланган.. Натижада, биргина Тошкент шаҳрида бугунги кун давомида тармоқларда юкламаларнинг ортиши ҳисобига 1000 дан ортиқ носозликлар юзага келган. Носозликларни бартараф этиш ишларни жадаллаштириш мақсадида республика бўйлаб барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан қўшимча бригадалар Тошкентга жалб қилинган.

 

Вазирлик қуйидагиларни тавсия этади:

 

– хонадонларда биттадан ортиқ электрда ишлайдиган иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик;

– корхоналар ва ташкилотлар ходимларини вақтинча онлайн иш режимига ўтказиш;

– ортиқча кўча чироқларини, реклама экранлари ва иллюминациялар, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолардаги чироқларни ўчириш;

– энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланаётган истеъмолчиларга чора кўриш лозим.

 

Қайд этилишича, бунинг натижасида мазкур тежалган энергия ресурсларини аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтиришга эришилади. Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида 1154, 1104, 105 телефон рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//