Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент учун тиббий кўрик Ўзбекистонда амалга оширилади

Сақлаш
20:27 / 08.11.2021 855 0

Бу ҳақда АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.

 

Қайд қилинишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия Федерациясига юбориш бўйича пилот лойиҳаси бошланган.


Ушбу лойиҳа доирасида номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланади.


Шу муносабат билан ўн минг нафар фуқарони Россия Федерациясига ташкилий тарзда ишга жўнатиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида тиббий асбоб-ускуналар билан Россиянинг 40 нафар тиббиёт ходими Ўзбекистонга етиб келди.


Эндиликда Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишда талаб этиладиган тиббий кўрик Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкентда ўрнатилган тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида юртимизда амалга оширилади.


Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирлар Россияда ишлаш истагида бўлган кўплаб юртдошларимиз учун қўшимча имкониятлар яратиб, фуқароларнинг вақти ва харажатлари қисқаришига хизмат қилади.


Маълумот ўрнида: Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган фуқароларни эмлаш ва коронавирусга қарши тест топшириш жараёнларини икки давлат мутахассислари томонидан Россия томони тиббий ускуналари ёрдамида биргаликда Ўзбекистонда амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаси бўйича тиббий маълумотларни «COVID-19сиз саёҳат» иловаси тизимига интеграция қилинади.

Шунингдек, фуқаролар учун патент олишда талаб этиладиган дактилоскопик рўйхатга олиш ва расмга олиш жараёнларини икки давлат Ички ишлар вазирликлари томонидан Россия томони ускуналари ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//