Аёллар ва болалар СОVID-19нинг янги мутациясига чалинмоқда

Сақлаш
15:12 / 07.12.2022 1095 0

Айни ёз ойларида мамлакатимизда коронавируснинг “omikron” штамми BA.2 версияси етакчилик қилган эди. Бугунги кунга келиб беморларнинг қарийб барчасида BA.5 субварианти кўп учрамоқда. Ушбу янги мутация айниқса аёллар ва болаларда турли кўринишлар билан кенг тарқаляпти.



Хўш, касаллик беморларда қандай белгилар билан кечади?


Мазкур савол юзасидан Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова қуйидагиларни маълум қилди.


— Ўн саккиз ёшгача бўлган аҳолининг иммун тизими нисбатан суст бўлади. Шу боис уларнинг юқумли касалликлар, жумладан, коронавирусга чалиниш эҳтимоли юқори, – дейди Ҳилола Алимова. – ВА.5 субварианти аломатлари аввалги ВА.2 версияси симптомлари билан деярли бир хил кечмоқда. Тумов, томоқда оғриқ ва қизариш, ЎРВИ, 3-5 фоиз ҳолатларда аллергияга мойиллиги бор беморларда диарея ҳамда обструкция (бўғилиш хуружи) белгилари кузатиляпти. Қолаверса, фон касалликлари бор беморлар, масалан, тутқаноқ хасталиги мавжуд болалар, кардиологик муаммолардан азият чекаётган аёллар ва ўғил-қизларда коронавирус нисбатан оғирроқ кечмоқда.


Шунингдек, бу касаллик муддатига етган, учинчи ойликдан юқори муддатдаги ҳомиладорларда (30 ҳафтадан юқори муддатларда) жиддий аломатлар билан кўриниш беряпти. Ҳомиладор аёлларда коронавирус юқори ҳарорат, бош ва мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, ринит ва тонзиллит белгилари билан намоён бўлмоқда. Қолаверса, баъзи беморларни кучли йўтал, кўкрак қафасида оғриқли жараёнлар безовта қиляпти.


Мазкур версиянинг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5-6 кун эмас, 2-3 кунни ташкил этмоқда.

 

Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, касаллик белгилари намоён бўлганда шифокорга мурожаат қилмай, бошқа беморлар ёки мутахассис бўлмаган кишилар берган тавсияларга кўра даволаниш оқибатида айрим беморларнинг умумий аҳволига салбий таъсири кузатилмоқда.


Касаллик белгилари кучайган беморга, албатта шифохонага ётиш тавсия этилади. Бундай беморларга қатъий тартибдаги даволаниш чоралари ва доимий мутахассислар назорати керак бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси