Вазирлик шаҳрисабзлик ўқувчилар совуқ ҳавода юпун кийимда тадбирга жалб қилинганини танқид остига олди

Сақлаш
17:36 / 01.12.2022 991 0

Халқ таълими вазирлиги Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги 1-мактаб ўқувчилари совуқ ҳавода юпун кийинган ҳолда ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган тадбирга жалб этилганини танқид остига олди.

 

Ўқувчилар Шаҳрисабз шаҳар Ёшлар ишлари агентлиги ва сектор раҳбарлари Ёшлар дафтарида турганларга навбатдаги субсидия асосида меҳнат қуролларини ва тўловлар учун сертификатлар топшириш маросимига жалб этилган. Суратлардан ҳаво совуқлигини ва тадбир давом этаётган вақтда кун ботганини кўриш мумкин.

 

Вазирлик мутасаддиларни ортиқ бундай ҳаракатларга йўл қўймасликлари юзасидан қатъий огоҳлантирган.

 

«Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларини мактаб вақтидан ташқари, уларнинг саломатлиги ҳамда хавфсизлигига хавф соладиган турли тадбирларга жалб қилмаслик бўйича доимий равишда огоҳлантириб келинади.

 

Афсуски, шунга қарамай ушбу суратдаги каби аянчли ҳолатлар юзага келмоқда. Болаларнинг мактабдан ташқари вақтларда тадбирга жалб этилиши ва энг ачинарлиси, совуқ об-ҳаво шароитига қарамай уларнинг юпун кийимларда эканлиги ушбу ҳудуддаги ҳар бир мутасаддининг айби деб ҳисоблаймиз.

 

Халқ таълими вазирлиги ҳудуд мутасаддилари саналган ҳокимлар, сектор раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари масъулларидан таълим муассасада мактаб вақтидан ташқари тадбирларни ташкил этаётганда мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларини жалб қилиб, бу каби ҳолатларга йўл қўймасликларини қатъий сўраб қолади. Шу билан бирга жойлардаги халқ таълими бошқарма, бўлимлари ва мактаб раҳбарларидан ҳам тегишли хулосалар чиқарган ҳолда, бундай ҳаракатларга йўл қўймасликлари юзасидан қатъий огоҳлантирилади», – дейилади вазирлик муносабатида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//