“Таҳқирланган тахт”, “Вақт фалсафаси” – “Жаҳон адабиёти” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
17:16 / 08.06.2026 10 0

Алишер Навоийдек шахсиятнинг ХV асрда пайдо бўлиши бу миллатнинг ўз даври, тарих ва бутун инсоният олдидаги энг юксак жасорати эди. Алишер Навоийга ўхшаш шахсиятлар тарих саҳнасида ўз­-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Алишер Навоий феномени тарихий жараёнда кўплаб тамаддунларни бошидан ўтказган, инсоният тарихини юксакларга кўтарган аждодларимизга хос анъана ва қадриятларнинг, Амир Темур  мисолида туркий халқларнинг дунё маданиятига қўшган улуши билан белгиланади.” Филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқулнинг “Тeмурийлар даври ва Алишeр Навоий фeномeни” мақоласида шоир  феноменини англаш учун темурийлар давридаги санъат, маданият, миллат тафаккуридаги эврилишлар тадқиқ этилган. Мақоланинг тўлиқ матнини “Жаҳон адабиёти” журналининг 2026 йил 4-сонида ўқинг.

 

Асардаги мана бу ўринга сира чидаб бўлмайди. Бу – Тошкентнинг марказий боғи дарвозаси тепасига “Сартлар ва итлар кириши ман қилинур” деб ёзиб қўйилгани. Бу ёзувларни қаҳрамонимиз Ёдгорбек ўқийди. У билан бирга ўкинасиз, юрак титраб кетади. Хаёлидан кечирганлари қанчалик оғир бўлганини тасаввур этиш мумкин. Ҳа, у боққа киролмади, жуда ҳайрон бўлди. Бу Рус империяси даврида Туркистон ўлкасида маҳаллий аҳолига нисбатан қўлланилган камситувчи, ирқчилик ва мустамлакачилик сиёсатини акс эттирувчи ибора.” Ушбу парча Маъмура Зоҳидованинг “Миллий озодлигимиз солномаси” мақоласидан олинган. Унда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоновнинг “Ялдо кечаси” романи таҳлил қилинади.

 

Аммо бу дарахтларнинг мен учун қанчалик муҳим эканлигини шу тобда ўзимдан бошқа ҳеч ким билмасди. Менга қолса, ҳозир шу ерда тўхтаб ўтардим, дарахтлардан бирининг танасига суяниб, япроқларнинг оҳиста тебранишига маҳлиё бўлардим, лекин отамга буни айтолмасдим, чунки “нега” деган саволга жавоб тополмас, манзилга етай деганимизда нима учун айнан шу ерда тўхтамоқчи эканлигимни тушунтиришимга, шунингдек, Маттео ҳақида ҳам айтиб ўтиш учун жуда кўп нарсаларни гапириб беришимга тўғри келарди.” Журналнинг наср бўлимида швейцариялик адиб Мелинда Наж Абонжининг “Кабутарлар баланд учади” қиссасини ўқийсиз. Қисса бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бўлган муҳожирлик ва миграция мавзуларига бағишланган. Унда венгриялик бир оиланинг мусофир юртда чеккан машаққатлари қаламга олинган. Немис тилидан Мирзали Акбаров таржима қилган.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Навоий сабоқлари ва Дилшоди Барно” (Иқболой Адизова), “Вақт фалсафаси” (Мирсодиқ Исоқов) мақолалари, “Эллик рубоий” (Ркаил Зайдулла. Татарчадан Сирожиддин Рауф таржимаси) назмий туркуми, “Бевафо аёл” (Альбер Камю. Русчадан Юсуф Расул таржимаси) ҳикояси, “Мунаввар юлдузлар” (Виктор Астафьев. Русчадан Жўра Фозил таржимаси) қиссаси ҳамда “Таҳқирланган тахт” (Алекс Ратерфорд. Русчадан Нажмиддин Икромий таржимаси) романи ўрин олган.

 

“Навоий ўз даврининг фарзанди, бироқ у ўз даврининггина шоири эмас. У бугуннинг ҳам, келажакнинг ҳам шоири, файласуфи, тарихчиси, тилшуноси, том маънодаги зиёлисидир. Фикрда, тафаккурда, бадииятда Навоий кўтарилган мақомга инсоният ҳали етиб келмади. Етиб бориш, бу меросни англаш, ўзиники қилиш, сингдириш эса ҳар бир авлоднинг ўзига боғлиқ. Одам ва олим ҳақидаги, инсон қалби ва руҳияти ҳақидаги фикрлари ҳамма даврлар учун долзарб аҳамият касб этаверади”. “Темурийлар даври ва Алишер Навоий феномени” мақоласидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Жаҳон адабиёти” билан ҳамма даврларнинг долзарб фикрлари ила танишиб боринг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//