«Тажимуратовни елкасига ўтқазиб, Жўқорғи Кенгесни эгаллаш мақсадида олиб борган» – Нукус воқеалари бўйича айблов хулосаси эълон қилинди

Сақлаш
16:23 / 29.11.2022 1826 0

Бухорода бўлиб ўтаётган Нукус воқеалари бўйича суд мажлисида айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди.

 

Унга кўра:

 

Д. Тажимуратов уюшган гуруҳ ташкил қилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг амалдаги ҳукуматини ағдариб, ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлаш мақсадида жорий йилнинг 1-2 июль кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштирган;

 

Л. Каллиханова ушбу уюшган гуруҳга бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм ғоялари билан йўғрилган, аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатиб келган;

 

А. Турданов 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларда спортчиларнинг иштирок этишини таъминлаган ва Д. Тажимуратовни елкасига ўтқазиб, Жўқорғи Кенгесни эгаллаш мақсадида олиб борган;

 

А. Сметуллаев ва Д. Джиемуратов 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси туманларидан одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилган ва ўзи ҳам фаол иштирок этиб, Д. Тажимуратовни қўллаб-қувватлаганлар;

 

Б. Кадирбергенов одамларни оммавий тартибсизликка жалб қилиб, Жўқорғи Кенгес ва Нукус халқаро аэропорти биноларини босиб олишга даъват қилган;

 

Б. Сейтниязов Қозоғистон Республикасидаги «Аллаяр жоли» диаспора аъзоси бўлиб, оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришга ва Д. Тажимуратовни қўллаб-қувватловчи баннерлар тайёрлашга ёрдам берган;

 

А. Тоқимбетов 2 июль куни Хўжайли туманида йиғилган одамларга Қорақалпоғистон Республикаси мустақил бўлиши лозимлигини маълум қилиб, уларни оммавий тартибсизликка даъват қилиб, уларга етакчилик қилган;

 

Қ. Сейтимов 2 июль куни Қораўзак туманида одамларни тўплаб, уларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиб, уларга етакчилик қилган;

 

А. Нуратдинов 2 июль куни Қонликўл туманида одамларни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи материалларни тарқатиб келиб, оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган;

 

С. Медетов 2 июль куни Шуманай туманида одамларни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи материалларни тарқатиб келиб, оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган;

 

Н. Найипов 2 июль куни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи видеомурожаат тайёрлаб, уни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган;

 

П. Шамшетов 2 июль куни одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилган ва ўзи ҳам уларда фаол иштирок этган;

 

Р. Бекмуратов 2 июль куни «Наупир» МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳат етказиб, «ПМ» маркали пистолетини олиб қўйган;

 

С. Каипов 2 июль куни «Наупир» МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳат етказган. Бундан ташқари, сепаратизм ғоялари билан йўғрилган видеомурожаат тайёрлаб, уни тарқатиш мақсадида сақлаб келган;

 

Б. Генжебаев 2 июль куни Шуманай туманида оммавий тартибсизликларда Фарғона вилоятидан келган ўзбек миллатига мансуб 3 нафар шахсни тўхтатиб, уларга тан-жароҳати етказиб, 3,6 млн. сўм миқдоридаги пулларини ва қатъий ҳисобдаги ҳужжатларини босқинчилик йўли билан олиб куйган;

 

С. Калилаев 2 июль куни Кегейли туманида оммавий тартибсизликларга етакчилик қилиб, миллатчилик замирида Андижон вилояти ҳокимлиги ШТАБига ўт қўйиб, мулкларини нобуд қилган;

 

П. Нурниязов 2 июль куни Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятини чеклаш мақсадида йўлларни тўсиб, автошина ёқишда етакчилик қилган;

 

С. Калимов 1 июль кунидаги оммавий тартибсизликлар учун маъмурий қамоққа олинганларни озод қилиш мақсадида уларни сақлаш жойига ҳужум қилиб, ўт қўйган;

 

Н. Султамуратов 2 июль куни Нукус шаҳар ИИО ФМБга қилинган ҳужумда фаол иштирок этиб, дарахт ёқиб, йўлларни тўсган;

 

А. Темирханов 2 июль куни оммавий тартибсизликларда Хўжайли гузари кўчасида «Молотов коктейли»дан фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятига қаршилик қилган;

 

А. Адилбеков 2 июль куни оммавий тартибсизликларда Тўрткўл гузари кўпригида «Молотов коктейли»дан фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятига қаршилик қилган.

 

29 ноябрь куни суднинг иккинчи куни ўз ишини бошлади.
 

Суд ишида айбланувчи Азамат Турданов кўрсатма берди. У 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларда спортчиларнинг иштирок этишини таъминлаган ва Д. Тажимуратовни елкасига ўтқазиб, Жўқорғи Кенгесни эгаллаш мақсадида олиб борган.

 

Судланувчи бу ишни ўзи хоҳлаб амалга оширгани, уни ҳеч ким мажбурламагани ҳақида гапирди. Турданов, шунингдек, Д. Тажимуратовга қарши кўрсатма берди. У Тажимуратовни «фирибгар» ва «жиноятчи» деб атади.

 

Қайд этиш керак, Нукус воқеаларида айбланаётганлар орасида ИИБ мулозими ҳам бор.

 

Айблов хулосасига кўра, Нукус шаҳридаги тартибсизликлар натижасида 6 млрд 681 млн 247 минг 508 сўм моддий зарар етказилгани маълум қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//