Жамият
Кечадан буён юртимизда мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисалари кузатилмоқда. Гидрометеорология хизмати маркази прогнозига кўра, бугун, яъни 5 ноябрь куни ҳам Тошкент шаҳрида шамол тезлиги 5-10м/с, республикамизнинг бошқа жойларида эса 7-12м/с даражасига етиши қайд этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли учун чангли ҳавода ҳаракатланишга доир тавсиялар бериб ўтди.
«Бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарур. Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик коньюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак. Чунки бундай ҳаво таркибида чанглар билан бирга, ўсимлик чангчалари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим», дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова.
Шунингдек, ним таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, хўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш зарур.
Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади.
Шунингдек, агар юртдошларимизда ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда аллерголог шифокорга мурожаат қилишлари лозим.
Маълумотларга кўра, 3 ноябрь куни «Тез ёрдам» хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3433 тани ташкил этган бўлса, 4 ноябрда бу кўрсаткич 4082 тага етган. Шундан бевосита нафас сиқиши билан боғлиқ мурожаатлар 678 тани ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, бундай об-ҳаво шароитида зарурат сезилганда, «103» хизматига қўнғироқ қилинг.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ