Қум бўрони Пешку ҳокимлиги биносининг томини учириб юборди

Сақлаш
09:20 / 05.11.2021 905 0
Фото: «Дарё»

4 ноябрь куни Ўзбекистон бўйлаб эсган чангли шамол ва қум бўрони оқибатида Бухоро вилояти Пешку тумани ҳокимлиги биносининг томи учиб кетди. Бу ҳақида «Дарё» нашри туман ҳокими Ваҳобжон Қаҳҳоровнинг сўзларига таяниб хабар берди. Маълум қилинишича, шифт ҳокимлик биносидан 20 метрча наридаги йўл ёқасига бориб тушган.

 

«Чамаси, соат 17:00 лар эди. Иш айни авжида, ҳокимлик биносига ўз ташвиш, муаммолари билан айни одамлар келишаётган пайт. Эрталабдан тўзиётган шамол кутилмаганда кучли қум бўронга айланди. Ҳокимлик биноси том қисмида ваҳимали кўчиш содир бўлди. Яхшиям, одамлар сергак ва хушёр. Ҳеч кимга жисмоний зиён етмади», — дейди туман ҳокими.

 

Ваҳобжон Қаҳҳоровнинг сўзлари кўра, туман ҳокимлиги биноси олдидаги усти ёпиқ аҳоли дам олиш ўриндиқларига ҳам жиддий шикаст етган. Ёритгичлар синиб, бинога электр энергияси етказиб берувчи барча симлар ишдан чиққан. Шунингдек, туман солиқ идораси биноси шифти ҳам қум бўронда қўпорилиб кўчиб тушган. Бир нечта аҳоли яшаш уйларининг шифтлари кўчган, кўнгилсиз оқибатлардан эҳтиётланиш учун қатор манзилларни электр энергиясидан узиб қўйишга тўғри келган.

 

Туман ҳокимининг таъкидлашича, ҳокимлик вакилига тегишли Nexia автомашинаси учиб тушган том остида қолган ва жиддий шикастланган.

 

«Табиий офат туфайли тумандаги иншоотларга, аҳоли турар жой бинолари шифтларига талафот етди. Ҳолат ҳақидаги хабарни эшитибоқ, вилоят ҳокими, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ва сектор раҳбарлари зудлик билан етиб келди. Тез кунда талафот оқибатлари бартараф этиладиган бўлди», — дейди Қаҳҳоров.

 

Маълум бўлишича, мазкур бинолар шифтлари бундан 7-8 йил илгари сифатли қурилиш материалларидан мустаҳкам ўрнатилган. 2019 йилда Бухорода эсган кучли шамолга дош берган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//