Жамият
Айни пайтда Тошкент шаҳридаги автобуслар сони 410 тани ташкил этади. 2026 йилгача эса бу кўрсаткични 1 минг 363 тага етказиш кўзда тутилган. Бу ҳақда Транспорт вазири ўринбосари Мурод Обидов маълум қилди.
«Тошкентда 400 километрдан ортиқ магистраль йўллар бор. Мазкур йўлларда эндиликда автобуслар учун устуворликни таъминлайдиган тизим жорий этилиб, дастлаб 12 метрли, йўловчи оқими ошганидан кейин 18 метрли автобуслар олиб келинади. Ҳаммаси тўғри келгач, ундан кейин навбатдаги транспорт турини режалаштириш бошланади. Бу трамвай бўлиши ҳам мумкин.
18 метрли автобус 120-130 нафаргача йўловчиларни сиғдиролса, айни вақт жорий этиладиган трамвай лойиҳаси ичида 280 та йўловчини олиш қувватига эга трамвай тизими кўриб чиқилмоқда. Бу 3 ёки 5 секционга эга катта ҳажмдаги трамвай бўлиб, уни лойиҳалаштириш, қуриш ва жорий этиш жуда узоқ муддатни талаб қилади. Ҳозир бу тўғрисида гапиришимиз барвақт деб ҳисоблайман, чунки дастлаб асосий магистраль йўлларимизда ҳеч бўлмаганда аҳоли учун қулай бўлган автобус тизимини йўлга қўйиб олишимиз керак», – деди Мурод Обидов.
Шунингдек, Обидов трамвай масаласига ҳам тўхталиб ўтган. Унинг айтишича, трамвайни жорий этиш моддий маблағга ҳам бориб тақалади, чунки бу транспорт воситаси анча қиммат туради.
«Масалан, 2 та трамвай тизимини қуриш учун кетадиган маблағга биз 800 та электробус сотиб олишимиз мумкин. Бундан ташқари, трамвайни узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлаш муаммоси ҳам бор. Маълумки, Ўзбекистонда электр энергия истеъмолининг «пик» даври кечки соат 5-6 лардан кейин бўлиб, ўша вақтдан электр энергияси етишмовчилиги бошланади. Трамвай тизимини жорий этадиган бўлсак, биз доимий равишда электр билан таъминлаш манбасини яратиб қўйишимиз керак. Бунақа лойиҳа ҳам кўриб чиқилмоқда, лекин уни яқин бир йил ичида амалга ошириш жуда мураккаб», деган у.
Тошкент шаҳри аҳолиси 2 млн 900 минг нафарни ташкил этади. Аммо норасмий маълумотларга кўра, ҳақиқий рақамлар бундан каттароқ. Пойтахтда транспорт воситасидан фойдаланаётган аҳолининг 80 фоизи, яъни 4 млн нафари шахсий, қолган 20 фоизи, 2,7 млн нафар инсон эса жамоат транспортидан фойдаланади.
Сентябрдаги статистикага кўра, Тошкентда доимий рўйхатдан ўтган автомобиллар сони 711 мингтани, қўшимча равишда ҳар куни вилоятлардан шаҳарга келиб-кетувчи автомобиллар эса 260 мингтани ташкил этади. Бу жами ҳисобда айни вақт пойтахтда 900 мингтадан ортиқ автотранспорт ҳаракатланяпти деганидир.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг ёзишича, 1991 йили Тошкент шаҳар жамоат транспортида, метродан ташқари, 2236 та автобус, 527 та трамвай, 428 та троллейбус — жами 3191 та ҳаракатланувчи таркиб бўлган.
«Ҳозир эса троллейбус йўқ, трамвай ҳам йўқ, автобуслар сони эса 1991 йилгидан икки баробар кам. Энг қизиғи, 1991 йилда Тошкент аҳолиси 2 миллион бўлган, ҳозир расман 3 миллионга яқин, аслида ундан ҳам кўпроқ: 1991 йили ҳар минг тошкентликка 1,5 та автобус тўғри келган бўлса, ҳозир яримта ҳам автобус йўқ. Даҳшат.
Бундан ҳам даҳшати шуки, давлат роса ҳаракат қилиб, 2026 йилгача мингга яқин автобус сотиб олади, лекин бу билан автобуслар сони 2001 йилги кўрсаткич (1444 та)га ҳам етмайди. Ахир янги автобуслар эскириб кетган, ёшини яшаб бўлган автобуслар ўрнига олиб келинади.
Юқоридаги слайдда хурсанд қиладиган фақат битта нарса бор - 2023—2025 йилларда Тошкент учун сотиб олинадиган автобусларнинг 53 таси ўта катта сиғимли (гармошкали) бўларкан. Бу яхши янгилик, агар амалга ошса, сенсацияга тенг бир воқеа бўлади. Лекин 2025 йилгача... Худо билади нима бўлади», — деб ёзади журналист Телеграм каналида.
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ