Абу Райҳон Беруний асарларининг янги нашри тақдимоти бўлиб ўтди

Сақлаш
14:36 / 04.11.2022 3171 0

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг бир гуруҳ олимлари томонидан олиб борилган узоқ йиллик меҳнатлар самараси ўлароқ «Абу Райҳон Беруний китоблари» нинг янги нашри кенг оммага тақдим қилинди.

 

Ўзэкспомарказ павильонида Абу Райҳон Беруний китоблари нашрларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида» қароридаги вазифаларни бажариш мақсадида, алломанинг ХХ асрни 50 йилларидан бошлаб нашр қилинган еттита жилддан иборат асарлари қайта нашрига бағишлаб ўтказилди.

 

Профессор Ашраф Аҳмедов ўз шогирдлари (Б.Абдуллаев, М.Ҳамдамова, У.Куранбаева) билан биргаликда Абу Райҳон Беруний «Танланган асарлар»ининг ўзбек тилидаги янги нашри – 8 та жилдини чоп этишга тайёрлади. Қувонарлиси шуки, 2018 йилда, олдин чоп этилмаган, Берунийнинг «Танланган асарлар» туркумига кирмаган учта асари – кичик рисолалари «Картография», «Ўтишлар», «Зижлар сараси» 8-жилд сифатида рус ва ўзбек тилларида тарихчилар, шарқшунослар ва умуман китобхонлар оммасига тақдим этилди. Олимларимиз олдидаги кейинги вазифа Беруний асарларининг еттита жилдини ўзбек тилида қайта нашр этиш бўлди. Бу мақсадга эришиш йўлида эса қанча изланишлар ва тадқиқотлар амалга оширилди. Жумладан, биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи ва еттинчи жилдлар «ЎЗБEКИСТОН» нашриётида чоп этишга шай ҳолатга келтирилди. Марҳум академик У.Каримов томонидан нашр этилган тўртинчи жилд «Сайдана» асарини ўзбекчалаштириш устида профессор С.Каримова олиб бораётган иш ҳали ниҳоясига етмаганлиги сабабли бешинчи жилднинг биринчи китобини Берунийнинг «Танланган асарлар» туркумида тўртинчи жилд қилиб, иккинчи китобини эса бешинчи жилд қилиб нашр этишга қарор қилинди.

 

Тақдимотда қуйидаги асарлар ташриф буюрувчиларга тақдим этилди:

 

1. Абу Райҳон Беруний. «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар». Танланган асарлар. I жилд.

2. Абу Райҳон Беруний. «Ҳиндистон». Танланган асарлар. I жилд.

3. Абу Райҳон Беруний. «Геодезия». Танланган асарлар. III жилд.

4. Абу Райҳон Беруний. «Қонуни Масъудий». Танланган асарлар. IV жилд.

5. Абу Райҳон Беруний. «Қонуни Масъудий». Танланган асарлар. V жилд.

6. Абу Райҳон Беруний. «Тафҳим». Танланган асарлар. VI жилд.

7. Абу Райҳон Беруний. Математик ва астрономик рисолалар. Танланган асарлар. VII жилд.

 

Шундай қилиб, юқорида зикр этилган нашрлар 2023 йилда нишонланадиган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллик юбилейига шубҳасиз муносиб совға бўлди дейиш мумкин.

 

Абу Райҳон Берунийнинг «Улуғ ҳодисалар ҳар вақт юз беравермайди» деган ҳикматли сўзлари бор. Зеро, бу каби асарларнинг нашр этилиб, халқимизга туҳфа этилиши ҳам улуғвор ҳодисалардан биридир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//