Жамият
Айрим телеграм каналларида коронавирус мавзусида аудиоёзувлар тарқалмоқда ва улардан бирида тиббиёт ходими COVID-19га чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиб кетгани, қабулхоналарда оёқ қўйишга жой йўқлиги, ҳатто янги блок очилаётгани, қолаверса, ўлим кўрсаткичлари ошиб бораётгани ҳақида гапирган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатга аниқлик киритганини маълум қилди.
Вазирлик матбуот хизмати овозли хабар эгасини топиб, у билан суҳбатлашди.
— Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида эпидемиолог бўлиб ишлайман, — дейди Нилуфар Умарова. — Бу овозли хабарни шу йилнинг июнь ойи охирида телеграмдаги эпидемиолог ҳамкасбларимиз учун тор доирада очилган гуруҳда қолдиргандим. Ўшанда юртимизда ҳақиқатан ҳам пандемиянинг янги тўлқини авж ола бошлаган оғир паллалар эди. Аммо қандай қилиб бу аудиоёзув тарқалиб кетгани ва нега орадан тўрт ойдан зиёд вақт ўтиб эълон қилинганига ўзим ҳам ҳайронман. Чунки ҳозир юртимизда хасталикка чалиниш кўрсаткичлари ўша пайтдагига нисбатан анча пасайган. Ўзим ишлаётган шифохонадаям касалланганлар оқими сезиларли даражада камайган.
Вазирлик матбуот хизмати Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси мутасаддилари билан ҳам боғланган.
— Июль-август ойларида муассасамизда 2 мингга яқин бемор даволанган эди, — дейди мазкур шифохона директорининг ўринбосари Ҳилола Алимова. — Ҳозир эса 1100 нафар кишини муолажа қиляпмиз. Кунига 80-90 нафар беморни қабул қилиб, ётқизяпмиз. Кўрсаткичлар кундан-кун камаймоқда. Ҳолат стабил.
Статистикага кўра, 2021 йил 25 июнь куни Ўзбекистонда жами 546 нафар беморда коронавирус қайд этилган. Орадан бир ой ўтиб, яъни 25 июль куни кунлик кўрсаткичлар жами 731 нафарга етган. 26 августга келиб эса 846 нафар кишида коронавирус, 353 нафар кишида пневмония аниқланган.
Маълумот учун: кеча, яъни 2 ноябрь санасида мамлакатимизда коронавирус билан кунлик касалланиш бўйича июнь ойидан буён энг паст кўрсаткич қайд этилиб, пневмонияга чалиниш ҳолатлари аниқланмади. Хасталикни юқтирганлар сони 272 нафарни ташкил этмоқда. Шундан 58 нафари Тошкент вилояти, 104 нафари Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.
Вазирлик хабарига кўра, айни кунда Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун фақат Зангиотадаги 1-сон ва 2-сон шифохоналар фаолият кўрсатмоқда.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ