Ўзбекистонлик қизлар нано сунъий йўлдошни йиғиб, стратосферага учиради

Сақлаш
20:47 / 03.11.2021 902 0

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни UNICEF, Tech4Impact ННТ ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM - Science, Technology, Engineering and Mathematics) соҳаларига қизиқувчи қизлар учун UniSat халқаро таълим дастури расман ишга туширилди. 

 

 Инновацион ривожланиш вазирлигининг хабар беришича, қизларнинг космик тадқиқотларга қизиқишини оширишга қаратилган ушбу дастур ЮНИCЕФнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги ваколатхоналари томонидан қўллаб-қувватланади.

 

- Инновацион ривожланиш вазирлиги UniSat дастурини қўллаб-қувватлашдан мамнун. Ўзбекистон қизлари илм-фан, муҳандислик ва илғор технологиялар соҳасида ривожланиш учун катта салоҳиятга эга ва биз қизларни нано сунъий йўлдошни учиришда ўз кучларини синаб кўришга таклиф қиламиз, - деди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова. - Вазирликда нано сунъий йўлдошларни лойиҳалаш ва йиғиш учун барча шарт-шароитга эга лаборатория мавжуд бўлиб, вазирлик эшиклари ёшлар учун доим очиқ. Эҳтимол, STEM соҳалари сизнинг келажакдаги касбингизга айланади!, - деди Ш.Турдиқулова.

 

Ўқув дастурининг якуний босқичида нано сунъий йўлдошни йиғиш учун учта республикадан қизлар Олма-отадаги Ал-Фаробий номли институтда йиғиладилар. Нано сунъий йўлдошни Ўзбекистонда учириш 2022 йил 12 апрелга режалаштирилган. Қизларнинг ўзлари парвоз режасини тузиб, аэронавигация хизмати мутахассислари назорати остида нано сунъий йўлдошни Ўзбекистондан учирадилар.

 

Ишлаб чиқилган ва стратосферага учирилган нано сунъий йўлдош қизларга Ер ва юлдузларнинг юқори аниқликдаги суратларини олиш имконини беради. Ўрнатилган сенсорлар келажакда илмий тадқиқотлар учун фойдали бўлиши мумкин бўлган маълумотларни ўзида йиғади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//