Бухорода Ҳиндистон олий таълим муассасаси иш бошлайди

Сақлаш
16:52 / 01.11.2022 1075 0

АКТ тизимини янада ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани жалб қилишга кўмаклашиш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчиси Дилшод Аҳадов Ҳиндистоннинг «Ачаря» институтлар тармоғи ижрочи директори Вишеш Чандрашекхар билан учрашди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

 

1990 йилда ташкил этилган Ачаря институти тармоғи Бангалор шаҳридаги энг йирик хусусий таълим муассасаларидан биридир. Унинг таркибига 10 та институт ва 15 та тадқиқот марказлари киради. Ачаря институтлари тармоғида 75 мамлакатдан 15 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Таълим 100 дан ортиқ ўқув дастурлари бўйича олиб борилади.

 

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмаги билан олиб борилган музокаралардан сўнг Ўзбекистон халқаро Ачаря университетини ташкил этиш бўйича келишувга эришилганлигини мамнуният билан таъкидлади.

 

Учрашувда ушбу келишувни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бухоро вилоятида рақамли технологиялар соҳасида Ўзбекистон-Ҳиндистон университетининг очилиши илғор халқаро таълим технологияларини республикамизга жорий қилишга кўмаклашиши қайд этилди.

 

Эслатиб ўтамиз, 11 октябрь куни Бухоро вилояти Қоракўл туманида Ўзбекистон халқаро Ачаря университетини ташкил этиш бўйича Бухоро вилоят ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ачаря» институтлар тармоғи ўртасида уч томонлама ҳамкорлик шартномаси имзолангани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//