“Андижонлик келин” иши якунланмади. Унга нисбатан жиноий иш очилган

Сақлаш
14:28 / 03.11.2021 961 0

Бундан бир неча ой муқаддам Андижон вилоятида яшовчи ёш келинчакнинг беш киши томонидан зўрлангани ҳақдаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинганди. Келиннинг яқинлари айбдорлар жазоланишини сўраб мурожаат билан чиққан эди.

 

Бу ишни Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, шунингдек, жиноят ишини ички ишлар вазири шахсан назоратга олганди.

 

Аммо Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчининг баданида зўрлик аломатлари билан боғлиқ тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги, 13-14 ҳафталик ҳомиладор экани ва ҳомиласи ривожланаётгани аниқланган.

 

Тергов ҳаракатлари давомида тўпланган инкор қилиб бўлмас далилларга асосан келинчак О.О.нинг зўрлангани тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмаган.  

 

Жабрланувчи аёл О.О. яқин қариндошлари ва ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида, уни ҳеч ким зўрлаб номусига тегмаганини, қайнонаси моддий манфаатдор бўлиш эвазига уни зўрлаб номусига теккани ҳақида ариза ва кўрсатма беришга мажбур қилганини, агарда ушбу кўрсатмани бермаса эри билан бирга яшаттирмасдан, ажратиб юборишини айтгани сабабли, иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганини маълум қилган.

 

Шу муносабат билан зўрлаганликда айбланган эркаклар жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган. Қайнона ва қайнота огоҳлантирилган, қайнака ҳамда қайнопа эса жаримага тортилган.

 

Вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, О.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми (нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали; оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб; оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда; ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинган туҳмат) бандлари ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилиниб, «шахсий кафиллик» эҳтиёт чораси қўлланилган.

 

Қайд этиш лозим, Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади. Андижон вилоят суди ҳозирча бу борада аниқ маълумот берганича йўқ.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//