Адабиёт — халқлар дўстлигини мустаҳкамловчи кўприк

Сақлаш
11:24 / 09.08.2021 970 0

 

 

 Ижод тил танламайди, миллат танламайди. Унинг ҳар бир сатрида ҳаётий ҳақиқат ётади. Сўзда, асарда бутун инсониятга таниш бўлган туйғулар куйланади. Шу сабаб таржимон она тилидан бошқа тилда ёзилган асарни ҳам юраги жизиллаб ўқийди, таржима қилади. Шу маънода ўзбек тили ва адабиётига қизиқиш билдириб келаётган бир қатор жаҳон ижодкорларининг фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этишни хоҳладик.

 

Ке МОРИ (Япония):

 

Мен кўп мамлакатларда ўтказилган адабиёт, шеърият анжуманларида фаол иштирок этиб бораман. Ўзим ҳам ижодкор бўлганим боис бошқа халқ адабиётига жуда қизиқаман. Улардан янги илҳом оламан.  Она юртимда Нурга қасида”, “Ложувард”, “66-мега зилзила”, “Цунами”, “Фукушимакаби китобларим нашр этилган. Хориж мамлакатларидан ҳам таржимон дўстларим кўп. Айниқса, Ўзбекистондан.

Юртингизга илк бор 2019 йили келган эдим. Ўзбекистонлик шоир дўстим менга Навоий ғазалларининг инглиз тилидаги таржимасини юборган эди. Уларни ўқиб жуда ҳам таъсирланганман. Ғазаллар гарчи инглиз тилида бўлса ҳам, унинг чуқур маъноси таъсирли ва чиройли эканини ҳис қилганман. Сатрларда нафақат инсоннинг инсонга бўлган муҳаббатини, балки Ватанга, заминингизга бўлган муҳаббатни-да туйганим боис уларни япон тилига таржима қилдим.

 

Ҳамза Ўзтурк, Ототурк университети магистри (Туркия):

 

Бир куни устозим дарсда Чўлпоннинг машхур Гўзал номли шеърини ўзбек тилида ўқиб берди. Шеър шу қадар гўзал эдики таъсиридан узоқ вақт чиқа олмай юрганман. Ўзбек тилини Чўлпон билан яхши кўрдим десам ҳам муболаға бўлмайди. 3-босқичда ўзбек тили фонетикаси, морфологияси билан ҳозирги ўзбек адабиёти, ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек халқ адабиёти дарслари бўйича таълим олдим. 2018 йилда Тошкентда ташкил қилинган адабий симпозиумда қатнашдим. Олти кун Тошкентда бўлдим. Юртингизга иккинчи боришимда Самарқандга бордим. У ерда эса бир ой бўлдим. У ерда таржима фаолиятларимни қилдим ва халқ орасида ўрганганларимни мустаҳкамладим. Яъни ўзбек тилини столда эмас, халқ орасида ўргандим. Ҳозирги вақтда масофавий тарзда ўзбек тилини ўрганишда давом этяпмиз.

Таржима борасидаги изланишларим доирасида ўзбек насрчилигидан 30 та ҳикоя таржима қилиб, Туркияда китоб ҳолида чоп этдим. Ушбу ҳикоялар ичида классик, модерн, постмодерн, сеҳрли-реализм оқими билан ёзилган асарлар ўрин олган.

 Таржима ҳусусида яна режаларим бор. Ўзим ҳам ҳикоя ва шеърлар ёзаман. Келаси ойларда ўз ҳикоя китобимни Туркияда ва Ўзбекистонда нашр этиш ниятидаман.

 

Киийҳа Грей, Марказий Осиёдаги Америка университети (American University of Central Asia) магистранти:

 

Мен ўзбек тилини ўрганганимдан сўнг Увайсий, Нодира, Зулфия ва бошқа шоираларнинг асарларини ўзим учун кашф этганимда жуда хурсанд бўлдим. Мен ёзувчи аёлларга қизиқиб қолдим ва уларнинг асарларини инглиз тилидаги таржималарида ўқишни хоҳладим, аммо хориж тилида топишга имкон бўлмади. Шунда ўзим уларнинг шеърларини ўгиришни ният қилдим. Насиб этса келажакда ушбу таржималарни нашр этиб, дунё китобхонларига тақдим этаман. Ўзбекистоннинг жуда бой ва чиройли тарихи бор. Аммо афсуски, мен ҳали Ўзбекистонда бўлмаганман... Бир кун ўзбек халқи билан ўзбек тилида гаплашишни, дарсларимда ва адабиётларда мен эшитган ва ўқиган барча тарихий қадамжоларни кўришни хоҳлар эдим. Шу йил август ойида юртингизга боришни ният қилганман.

Илмий ишим XIX аср Қўқон хонлигидаги Ўзбекистон шоир аёллари ҳақида. Увайсий, Нодира ва Aнбар отинлар, шу жумладан, аёллар таълим олиш қийин кечган, ижтимоий ҳаётнинг баъзи жиҳатларидан четда қолган бир даврда шоирлар қандай қилиб гўзал ғазаллар ёзганликлари мени қизиқтиради. Мени кўпроқ отин йўналиши эътиборимни тортди. Аёллар ғазал ёзишни ҳамда ижро қилишни адабий отинлардан ўрганишган ва бир-бирларига ўргатишган.

Лойиҳамнинг мақсади бу аёллар отин тармоқлари орқали қандай қилиб тил ва шеърият бўйича таълим олганликларини ва бу аёллар қандай қилиб патриархал жамиятда чиройли ғазаллар ёзишганини очиб беришдир. Ушбу тадқиқотим Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглиз тилига таржима қилган устозларим Кристофер Бейкер ва Кристофер Форт томонидан қўллаб-қувватланаётгани мени янада руҳлантиради.

 

 

 

Юлдуз Ўрмонова ёзиб олди

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//