Сиёсат
Бу ҳақда 16 октябр куни Туркманистон Президенти раислигида ўтказилган мамлакат вазирлар маҳкамасининг навбатдаги йиғилиши чоғида маълум бўлди.
Йиғилишда вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Ўзбекистон президентининг Туркманистонга 20-21 октябр кунларига мўлжалланган расмий ташрифига тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.
«Мустақил бетараф ватанимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири қўшни давлатлар билан самарали алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан иборат. Улар орасида Туркманистон билан кенг кўламли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантираётган Ўзбекистон ҳам бор. Ўзбекистон томони билан биргаликда ташриф дастури лойиҳаси тайёрланиб, унинг давомида икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган», — дейилади хабарда.
Ҳисобот якунлари бўйича Сердар Бердимуҳамедов икки халқнинг тарихий ришталари ва умумий маънавий-маданий қадриятларига асосланган Туркманистон-Ўзбекистон муносабатларидаги ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик характерини таъкидлади. Асрлар давомида шаклланиб келган бу эзгу анъаналар замонавий даврда ҳам ўз мазмунини муттасил бойитиб, муносиб давом эттирилаётгани таъкидланди.
Икки томонлама форматда самарали ҳамкорликни ривожлантираётган Туркманистон ва Ўзбекистон бир-бирини қўллаб-қувватлаб, БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасида кўп томонлама асосда конструктив ҳамкорлик қилмоқда. Олий, ҳукумат ва идоралар даражасидаги мунтазам алоқалар давлатлараро ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, унинг салоҳиятини самарали рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Шу муносабат билан Туркманистон раҳбари бош вазир ўринбосари, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарига Ўзбекистон Президентининг мамлакатга бўлажак расмий ташрифи ва унинг доирасида режалаштирилган тадбирларни юқори ташкилий савияда ўтишни таъминлаш бўйича топшириқ берди. У стратегик хусусиятга эга бўлган ўзаро манфаатли Туркманистон-Ўзбекистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган навбатдаги олий даражадаги музокараларнинг аҳамиятини қайд этди.
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ