Қоракўлда Ҳиндистон билан ҳамкорликда IT мутахассислари тайёрлайдиган халқаро университет очилади

Сақлаш
15:31 / 12.10.2022 881 0

Бухоро вилояти Қоракўл туманида Ҳиндистоннинг Acharya International University of Uzbekistan университетини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

 

Қайд этилишича, Қоракўл туманида Acharya International University of Uzbekistan университетини ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ҳиндистоннинг Ачаря институтлар тармоғи ўртасида уч томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

 

Шартномани имзолашда вазир ўринбосари Жамшид Эгамбердиев ҳамда Ачаря институтлар тармоғи ижрочи директори Шалини Реддй иштирок этди. Университет ташкил қилингандан сўнг биринчи йил 1400 нафар талаба қабул қилиниб, IT йўналишида Ҳиндистоннинг малакали профессор ўқитувчилари томонидан ўқитилиши бошланади.

 

Шунингдек, талабаларга замон талабларига жавоб берадиган қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида компьютер техникалари билан жиҳозланган ўқув ва лаборатория хоналари, энг сўнгги ахборот ресурслари билан бойитилган кутубхоналар билан бир қаторда шинам ётоқхоналар, спорт майдонлари, сузиш ҳавзалари ҳам барпо этилади.

 

Ачаря институтлар тармоғи билан ҳамкорликда дунёнинг илғор компанияларини жалб қилган ҳолда талабаларни иш билан таъминлаш, дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини кўпайтириш режалаштирилган. Университетнинг мақсади мамлакатда ахборот технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//