Пахта мавсумида меҳнат қонунчилигини бузган 65 нафар мансабдор жаримага тортилди

Инспекцияга пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 128 та мурожаат келиб тушган.

Сақлаш
19:35 / 01.11.2021 900 0

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2021 йилдаги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳамда муносиб меҳнат шароитлари яратилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

 

Маълум қилинишича, Давлат меҳнат инспекциясининг ишчи гуруҳлари томонидан республиканинг барча туманларидаги 13 минга яқин ташкилот, фермер хўжаликлари ҳамда пахта далалари ўрганилган.

 

Инспекцияга пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 128 та мурожаат келиб тушган.

 

Ўтказилган мониторинглар ва мурожаатларни ўрганиш натижасида инспекция томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 65 нафар мансабдор шахсга жами 198 млн. 450 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди.

 

Жорий йилги пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 5 нафар мансабдор шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва 1 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.

 

Бундан ташқари, 21 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 25 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 14 та ҳолатда терим пулларининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланиб, мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 48 та ҳолат юзасидан ёзма кўрсатмалар киритилди.

 

Давлат меҳнат инспекцияси мажбурий меҳнат ҳолатларига гувоҳ бўлган фуқароларимиздан Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишларини сўрайди ва шахсингизнинг ошкор этилмаслигини кафолатлайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//