Спортчиларимиз Токио Олимпиадасини кўтаринки кайфиятда якунлади

Сақлаш
10:59 / 09.08.2021 1109 0

 

Олимпия ўйинларининг сўнгги куни бутун халқимиз юрак ҳовучлаб кутган бокс бўйича супер оғир вазн тоифаси финал баҳсида Баҳодир Жалолов АҚШлик рақибини мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритгани қувонч кўзёшларига сабаб бўлди.

Баҳодир Жалоловга турнир аввалидаёқ асосий фаворит сифатида қаралаётган эди. Финалдаги ғалабаси эса спортчини миллат фахрига айлантирди. Делегация байроқдори бўлгани бежиз эмаслигини исботлади. Музаффар боксчимиз шарафига Ўзбекистон байроғи дунёнинг манаман деган давлатлариникидан ҳам юқорироқ кўтарилиб, миллий мадҳиямиз янгради.

Ўтган 16 кунда 206 мамлакат вакиллари 339 та медаллар шодаси учун курашган бўлса, Ўзбекистон жами 5 та медаль (3 та олтин ва 2 та бронза) жамғариб, рейтингнинг 32-поғонасидан жой олди.

Атлетларимиз мусобақаларда спортнинг 17 туридан 71 та йўлланма билан қатнашиб, таэквондо, дзюдо, оғир атлетика, эркин кураш ва бокс бўйича биттадан медаль билан қайтмоқда. Азаматлар 3 та олимпиада рекордини ҳам янгилади.

Юртимиз медаллар бўйича МДҲда расман 1-ўрин, амалда 2-ўрин (россиялик спортчилар Россия олимпия қўмитаси жамоаси сифатида иштирок этди), Марказий Осиёда 1-ўрин, туркий мамлакатлар орасида 1-ўрин (Туркия 34-ўринда), ислом мамлакатлари орасида 2-ўрин (Эрон 27-ўринда), Осиёда 5-ўринни (Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Эрондан кейин) эгаллагани кўксимизни ғурурга тўлдирди.

Олимпия ўйинларида қатнашган ҳар бир спортчимиз ҳақида ҳар қанча тўлқинланиб гапирсак кам. Улуғбек Рашидов (таэквондо, олтин), Акбар Жўраев (оғир атлетика, олтин), Баҳодир Жалолов (бокс, олтин), Давлат Бобонов (дзюдо, бронза), Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш, бронза) жаҳоннинг энг нуфузли мусобақасида қўлга киритилган медаллар шодаси Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасига муносиб совға бўлди десак янглишмаймиз.

Токиодан бугун соат 20:00 да махсус чартер рейс орқали етиб келадиган олимпиячиларимизни кутиб олиш маросими ҳам ҳақиқий байрамга айланиши шубҳасиз.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//