Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларни обод қилиш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг иккинчи ярмида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 9 201 та маҳалла иштирок этиб, 38 мингта лойиҳага 8 миллион аҳоли овоз берди (биринчи ярим йилликда 4 мингта маҳалла қатнашган).
Шу билан бирга, келгуси йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига берилади.
Умуман, келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилиши белгиланди. Бунда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 триллион сўмга етказилади.
“Шунда адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни, албатта асраб-авайлайди”, деди Президент.
Давлатимиз раҳбари мутасаддилар эътиборини республика бўйича 1,5 мингта маҳалла аҳолиси бирорта лойиҳага овоз бермаганига қаратди. Яқинда маҳаллаларда раислар сайлови бўлиб ўтгани, янгидан сайланган раислар одамларга ваъдалар бергани, лекин тақдим этилаётган бу имкониятдан фойдаланмаётганини кўрсатиб ўтди. “Мудраб ўтирган” раисларни фаолликка чақириш, керак бўлса ўқитиш кераклиги таъкидланди.
Бу борада, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари аҳолиси фаол бўлди.
Овоз бериш якунларига кўра, 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилди.
Президент «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Шу боис, бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилди.
200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда сайтимизда «Очиқ бюджет» лойиҳаси ҳақида фуқароларимизнинг фикр-мулоҳазалари акс этган мақола эълон қилинган эди.
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ