Амир Темур ҳақида ўзбек тилидаги энг эски қўлёзма аниқланди

Сақлаш
22:27 / 08.10.2022 2034 0

Буюк соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўзбек тилида битилган энг эски қўлёзма аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоси, Тожикистон Миллий университети профессори, филология фанлари доктори, навоийшунос олим Бадриддин Мақсудов маълум қилди.

 

Мақсудовнинг айтишича, китобни Амир Темур ҳақида ёзилган ва шу пайтга қадар етиб келган туркий қўлёзмаларнинг ҳозирча энг қадимийси дейиш мумкин. Айни пайтга қадар Амир Темур ҳақида битилган туркий асарларнинг энг қадимийси 1713 йилда яратилган.

 

Китобнинг хотимасида қўлёзма ҳижрий 1027 йил ражаб ойи санаси қайд этилган. Бу 1618 йилнинг июнь-июль ойларига тўғри келади. Бу асарнинг кўчирилган санаси эканлиги ва асар ундан ҳам аввал ёзилган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Унда асарнинг ёши янада «улғаяди». Ҳозирча қўлёзма кимнинг қаламига мансуб экани, ким томонидан, қаерда кўчирилгани маълум эмас.

 

Асар анъанавий тарзда Яратганга ҳамду сано ва пайғамбаримиз (с.а.в)га наът билан бошланган: «Ҳамди беҳад ва санойи беадад ул халлоқу-самовоти биғайри амад ва фарди самади зул-жалол ва безавол ва лоязол ва баркамол ва огоҳи кулли ҳолғаки, бир пора мушт хокдин ижодимизни башарият шарафиға мубаддал қилди...».

 

Китобнинг мундарижаси, воқеалар ривожи, баён услуби ҳамда ҳозир аниқ фикр айтиш мушкул. Бу саҳифалар бир қатор таниқли мутахассислар, манбашунос олимларга кўрсатилди. Уларнинг фикрича, қўлёзма Қўқонда кўчирилган, Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» ёхуд Абдуллоҳ Ҳотифийнинг «Темурнома» асари асосида яратилган бўлиши мумкин. Аниқ хулоса эса қўлёзма тўлиқ ўрганиб чиқилганидан кейин айтилиши қўшимча қилинмоқда.

 

Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқовнинг айтишича, Душанбедан топилган бу ноёб қўлёзманинг нусхасини Ўзбекистонга келтириб, таниқли тарихчи ва манбашунос олимларимиз ёрдамида чуқур тадқиқ этиш режалаштирилган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//