Наманганда тўқимачилик саноати институти ташкил этилди

Сақлаш
14:47 / 06.10.2022 692 0

Президент "Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорни имзолади.

 

Наманган шаҳрида Наманган тўқимачилик саноати институти ташкил этилди. Институтда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади ва кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади.

 

Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

 

тўқимачилик саноати тармоқлари учун меҳнат бозорида рақобатбардош, юқори малакага эга олий маълумотли ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, шунингдек, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
таълим дастурларини етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда, жумладан, қўшма таълим дастурлари асосида жорий этиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш;

 

таълим билан ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтириш, соҳа ташкилотларида талабаларнинг малакавий амалиётини йўлга қўйиш, кафедра филиалларини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини ташкил этиш;
ўқув жараёнини талабаларда мустақил билим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга йўналтириш;

 

ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибани, жумладан, замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини таъминлаш;

 

илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот марказларида ташкил этиш.

 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Президент таълим муассасалари агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси билан ҳамкорликда:

 

а) 2023/2024 ўқув йилига қадар тўқимачилик саноати ривожланган хорижий давлатлар олий таълим ташкилотларини ҳамкор сифатида белгилаб, институт таълим жараёнини замонавий ўқув дастурлари асосида ташкил этади;

 

б) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:

 

институт профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва магистрантларини хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ташкилотларига илмий стажировка ва малака оширишга юбориш чораларини кўради;
институт талабаларининг танишув ва малакавий амалиётини хорижий ва маҳаллий йирик тўқимачилик корхоналарида ўташ тизимини жорий этади;

 

институт талабаларининг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини ва профессор-ўқитувчиларнинг иш самарасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этади;

 

в) 2024/2025 ўқув йилига қадар институт ҳузурида тўқимачилик технопарки фаолиятини йўлга қўяди. Бунда, Технопарк:

 

Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан жалб этиладиган халқаро ташкилотларнинг грантлари ва салоҳиятли инвесторлар маблағлари ҳисобига, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади;
институт таъсисчилигида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади ҳамда унга технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва тижоратлаштириш ҳуқуқи берилади;

 

хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар, грантлар, ҳомийлик хайриялари, институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

 

г) 2026/2027 ўқув йилига қадар институтнинг камида 2 та бакалавриат таълим йўналиши ва 3 та магистратура мутахассислигининг халқаро тан олинган ташкилотлар аккредитациясидан ўтказилишини таъминлайди.

 

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Наманган муҳандислик-технология институтига тўқимачилик саноати бўйича бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрлар тайёрлаш бўйича ажратиладиган давлат буюртмаси квотаси институтга йўналтирилади. Наманган муҳандислик-технология институтининг тўқимачилик саноати таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таҳсил олаётган талабалар ўқиши институтга кўчирилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//