Виза муддати тугаган Афғонистон фуқаролари Ўзбекистондан чиқариб юборилмайди

Сақлаш
21:56 / 28.10.2021 916 0

Ўзбекистонда бўлиб туриш визаси муддати тугаётган Афғонистон фуқаролари ўз юртига қайтариб юборилмайди, чунки мамлакатлар ўртасидаги чегара жисмоний шахслар учун ёпиқ. Бу ҳақда «Gazeta.uz»га Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги вакили маълум қилди.

 

Аввалроқ «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси (AHRCA), инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Норвегия Хелсинки қўмитаси (NHC) Ўзбекистонда бўлиб турган 70 дан ортиқ Афғонистон фуқароси ўз юртига депортация қилиниши мумкинлигини маълум қилганди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, 2021 йил августининг ўртасида «Толибон» ҳаракати ҳокимият тепасига келгач, улар уч ойга Ўзбекистон визасини олган ва мамлакатга таклифнома бўйича эмас, мажбуран келгани учун ҳозирда визаларнинг узайтирилмаслигидан хавотирда.

 

«Ҳеч қандай камситиш ҳолатлари йўқ. Ҳозирда бундай масала тургани йўқ, чунки Афғонистон билан чегарамиз (жисмоний шахслар учун — таҳр.) ёпиқ», деган ИИВ вакили.

 

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида 13 658 нафар Афғонистон фуқароси бўлиб турибди. Шулардан 13 032 нафари вақтинча яшаётган бўлса, улардан кўплари Ўзбекистонга бизнес масалалари бўйича ҳамда қариндошларини кўришга келган.

 

ИИВ вакилининг маълум қилишича, Афғонистон фуқароларининг визаларини узайтириш учун Ўзбекистондаги вақтинчалик яшаш жойи бўйича миграция бўлимларига мурожаат қилиш лозим.

 

«Яшаш майдонининг эгаси рухсати билан улар рўйхатга олинади. Ўзбекистон қонунларини ва республикада бўлиб туриш қоидаларини бузмаётган хорижий фуқароларга визалар узайтирилади», дея қўшимча қилган ИИВ вакили.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//