Ўзбекистон Туркия университетлари билан архитектура-қурилиш соҳасида ҳамкорлик қилади

Сақлаш
14:09 / 28.09.2022 655 0

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 27 сентябрь куни архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

 

Тақдимотда Тошкент ҳамда Самарқанддаги архитектура институтларининг ўқув дастурларини ислоҳ қилиб, таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

 

Хусусан, мутасаддилар мазкур институтларнинг ўқув дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, янги факультетлар ташкил этиш, таълим ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш, илмий фаолиятни такомиллаштириш режаларини баён қилди.

 

Президент бу таклифларни маъқуллаб, устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди. Аввало, бакалавр йўналишлари сонини қайта кўриб чиқиб, фанларни замонавий шаҳарсозлик ва технологияларга мослаштириш зарурлиги таъкидланди. Ўқитувчилар учун малака талаблари ва битирувчиларнинг компетенцияларини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

 

 

Шунингдек, институтларга хорижий тажрибага эга малакали мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, маҳаллий профессор-ўқитувчиларни чет элга илмий стажировкага юбориш муҳимлиги қайд этилди. Бу борада Тошкент архитектура-қурилиш институти Истанбул техника университети билан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Йилдиз техника университети билан таълим ҳамкорлигини йўлга қўяди.

 

Таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир кафедрага ишлаб чиқарувчи корхоналарни бириктириш, институтлар ҳузурида технопарк ва инкубация маркази ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Уларда энергия тежамкор қурилиш материаллари яратиш, етакчи компаниялар билан маҳорат дарслари ва амалий тренинглар ўтказиш, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш мумкин бўлади.

 

Шу билан бирга, илғор муҳандислик билимлари асосида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлайдиган Олий илм-фан мактаби ташкил этилиши белгиланди.

 

Институтлар ҳузуридаги академик лицейларни ҳам такомиллаштириб, A-level даражасидаги ўқув дастури ва методикасини жорий этиш зарурлиги қайд этилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//