Олий таълим тизимида дуал таълим ташкил этилади

Сақлаш
21:22 / 27.09.2022 889 0

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида дуал таълим ташкил этилади. Бу ҳақида Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.



Қарор лойиҳасига кўра, Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади. Ушбу низомда дуал таълимнинг мақсад ва вазифалари, дуал таълимни ташкил этиш ва унинг босқичлари, дуал таълимда ўқув жараёни ва малака амалиётини олиб бориш тартиби, дуал таълим иштирокчиларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.



Шунингдек, қарор лойиҳасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга иқтисодиёт тармоқларида тегишли таълим йўналишлари бўйича олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш таклифларини тақдим этиш, дуал таълим ташкил этиладиган ташкилотлар бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таклифлар киритиш, дуал таълим тизимини ташкил этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни шакллантириш бўйича топшириқ ва вазифалар белгиланмоқда.



Қарор лойиҳасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга ҳар йили тасдиқланган чора-тадбирлар асосида талабаларни дуал таълим дастурлари асосида ўқишга жалб этиш ишларини ташкил этиш, дуал таълим ташкил этиладиган ташкилот ва олий таълим муассасасида таълим жараёнини ташкил этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйилишини ҳамда келишилган ўқув режаси ва ўқув жараёни жадвалини тасдиқланишини таъминлаш, талабаларни белгиланган муддатларда олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларида иштирок этишларини ва тегишли ташкилотларда амалий машғулотлар билан бирга меҳнат фаолияти олиб боришларини таъминлаш, олий таълим муассасаларида дуал таълим жараёнини ташкил этилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифалари белгиланмоқда.



Шу билан бирга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳар йили 1 майга қадар тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда дуал таълим ташкил этиладиган олий таълим йўналишлари ва муассасаларини белгилайди.



Дуал таълим бўйича олий таълим муассасаларига талабаларни ўқишга қабул қилиш параметрлари Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг таклифлари асосида тасдиқланади.



Қайд этилишича, лойиҳани тайёрлашда жаҳондаги етакчи мамлакатлар, жумладан Германия, Испания, Италия, Россия, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия олий таълим муассасаларида дуал таълим шаклини жорий этиш борасидаги тажрибалари ўрганилган.



Маълумот учун, дуал таълим (шакли) – таълимнинг назарий қисми олий таълим муассасада, амалий қисми эса иш жойида ўтказиладиган шакли ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//