Илм-фан
Куни кеча, 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси катта йиғингоҳида Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан "Туркистонда миллий озодлик ҳаракатлари тарихи (XIX аср ўрталари – XX аср 30 йиллари)” эллараро илмий йиғини бўлиб ўтди.
Йиғинда Ўзбекистон ва хориж олимлари ўз илмий маърузалари билан чиқиш қилди. Хусусан, видеомулоқот шаклида туркиялик профессорлар Темур Хўжа, Аҳат Андижон, қозоғистонлик олим Ҳазратали Турсунларнинг Бухоро амирлигининг ағдарилиши, Туркистонда истиқлолчилик ҳаракатлари ва қўрбошилар тақдири, большевикларнинг очарчилик ва қатағон сиёсатига доир, Машҳура Дармонова ва Феруз Бобоевларнинг Туркистонда совет ҳокимиятига қарши миллий озодлик ҳаракатлари, мустабид совет ҳокимиятининг ўлкадаги юритган сиёсати ҳақида маърузалари тингланди.
Қаҳрамон Ражабов 1962 йил 11 июлда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Саврак қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. У 1989 йилдан буён 33 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида аспирантликдан бош илмий ходимликкача бўлган босқичларни босиб ўтди.
Қаҳрамон Ражабов илмий фаолияти даврида ушбу муаммолар таҳлилига бағишланган 120 дан ортиқ китоблар, журналлар ва газеталарда 1300 дан зиёд илмий ҳамда оммабоп мақолалар нашр этди. Қаҳрамон Ражабов «Иброҳимбек қўрбоши ва сафдошлари фаолияти» (400 бет), «Ўзбекистон ССРда совет режимининг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (1917-1991 й.)” (400 бет), «Туркистон қўрбошилари» (288 бет), «Ўзбекистон ССРда совет бошқарувининг инқирози. Мустақиллик Декларацияси ҳамда озодликнинг машаққатли йўли (1982-1992 й.)” (400 бет) монографияларини ҳамда шогирди Мурод Рахматов билан ҳаммуаллифликда «Туркистонда совет ҳокимиятининг иқтисодий сиёсати ва очарчилик даҳшатлари (1917-1924 й.)” (176 бет) китобини нашр эттирди.
Шунингдек, унинг раҳбарлигида Ўзбекистон тарихи ихтисослиги бўйича 2 нафар тарих фанлари доктори, 3 нафар тарих фанлари номзоди, 20 нафар тарих фанлари бўйича фалсафа доктори PhD ҳимояларни муваффақиятли ҳимоя қилди.
Олимнинг фан олдидаги хизматлари муносиб эътироф этилиб, Азамат Зиё масъул муҳаррирлигида «Қаҳрамон Ражабов (Таваллудининг 60 йиллигига бағишланади)” (2022), Дилноза Жамолова ва Асрор Пардаев муҳаррирлигида «Тарих илмининг қаҳрамони» армуғон китоби (2022), Сулаймон Иноятов ва Дилноза Жамолова масъул муҳаррирлигида «Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов илмий мактаби» (2022) китоблари ҳамда Дилшод Ражабнинг «Қаҳрамон қасидаси (Достон ва шеър)” (2022), Эргаш Очиловнинг «Алп олимнинг мўъжизалари (Қаҳрамон Ражабов ҳақида бадиҳа)” (2022) асарлари нашр қилинди.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ