Мутахассис юқори шовқин инсон умрини қисқартиришини маълум қилди

Сақлаш
17:39 / 27.09.2022 750 0

Олий тоифали шифокор Шоира Абдусатторова юқори шовқин инсон умрини қисқартириши мумкинлигини маълум қилди ва бу борадаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

 

«Узоқ муддат юқори даражадаги товуш таъсири остида бўлиш эшитиш қобилияти пасайишига олиб келади. Масалан, ҳозирги замонавий мусиқа ишқибози бўлган ёшларнинг йигирма фоизида эшитиш қобилияти саксон беш ёшли кексалар даражасига тенглашиб қолган.

 

Баланд товуш кўз равшанлиги ва унинг рефлектив фаолиятини пасайтириши ҳам аниқланган. Қолаверса, юқори частотали шовқин асаб тизимининг зўриқишига олиб келади. Оқибатда ички толиқиш ва нохуш кайфият юзага келади. Бора-бора юрак фаолиятида бузилишлар кузатилади. Бу юрак-қон томир касалликлари, гипертензия ва ҳатто миокард инфарктини келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли шовқин инсон умрини қисқартирувчи омил сифатида баҳоланади», — дейди Шоира Абдусатторова.

 

ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича 12—35 ёш оралиғидаги 1 миллиарддан ортиқ ёш авлод вакиллари эшитиш қобилиятини йўқотиш хавфи остида. Бунга айнан тўю томошалар, кўнгилочар тадбирларда давомли равишда баланд овозда мусиқа эшитиш сабаб бўлаётгани айтилмоқда.

 

Шовқин «децибел» (дБ) бирлиги ёрдамида ўлчанади. Одатда 20-30 дБ шовқин инсон саломатлиги учун зарарсиз ҳисобланади. Бироқ 80 дБ ва ундан юқори ўлчов баланд товуш ҳисобланади.

 

30 децибелдан ортиқ шовқин эса инсон соғлиғини издан чиқаришга қодир. 150 децибел чидаб бўлмайдиган даражада оғриқ пайдо қилса, 180 дБ даражадаги шовқин ҳатто металл буюмларни ҳам мўртлаштира олади.

 

Шу сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўртача шовқиннинг максимал даражаси 100 децибелдан ошмаслиги керак дея тавсия беради.

 

Бундан ташқари, ёшлар шахсий аудиоқурилмалардан фойдаланганда ҳам овоз баландлигини имкон қадар чеклашлари зарур. Тўю тантаналар, мусиқа кечалари, концертларда эса қулоқнинг қоматга келишига йўл қўймаслик мақсадга мувофиқ.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//