Ўзбекистонда қанча ўқувчи шаҳодатнома дубликатини масофадан туриб олгани маълум қилинди

Сақлаш
14:30 / 21.09.2022 834 0

Ўзбекистонда ўтган 2,5 ойда 8 минг нафардан ортиқ фуқаро шаҳодатнома дубликатини масофадан туриб олди, деб хабар беради ЎзА.

 

Ўзбекистонда 1 июлдан бошлаб шаҳодатнома дубликатини масофадан туриб олиш хизмати йўлга қўйилган. Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, шаҳодатнома дубликати «My.gov.uz» портали орқали ариза билан мурожаат этилганида (аввал ариза бериш учун ҳам, ҳужжатни олиб кетиш учун ҳам мактабга келинган) 5 кунда электрон шаклда портал орқали берилади.

 

Ариза онлайн шаклда, инсон омилисиз қабул қилинади, шахсий маълумотлар автоматик тарзда бошқа тизимлар билан интеграция қилинади. Бошқа ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди (олдин мактабга 5 тагача ҳужжат тақдим этилган: ариза, ҳужжат йўқолгани ҳақида газета эълони, топилмалар идорасидан маълумотнома, паспорт нусхаси, фамилия ўзгаргани ҳақида ФҲДЁ бўлимларидан маълумотнома).

 

Бугунги кунга қадар 8 мингдан ортиқ фуқаро мазкур хизматдан фойдаланиб, шаҳодатнома дубликатини масофадан олишга улгурган. Таъкидланишича, шаҳодатнома дубликати электрон шаклда берилгач, мактабдан берилган аттестат ўз кучини йўқотади.

 

Шунингдек, халқ таълими тизимида давлат хизматларини янада кенгайтириш мақсадида жорий ўқув йилида яна 3 та хизмат йўлга қўйилган: ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига ўтказиш, хорижий фуқаро фарзандларини мактабга қабул қилиш, экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларини топшириш учун ариза бериш.

 

Бундан ташқари, Халқ таълими тизимига оид давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида кўмак бериш ҳамда тегишли саволларга жавоб бериш мақсадида махсус бот @XTV_davlatxizmatlari_bot фаолияти йўлга қўйилган. Фуқаролар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали халқ таълимига оид муаммоларга дуч келган тақдирда мазкур ботга мурожаат қилишлари мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//