Президент «Матонат мадҳияси» ва «Миллат фидойилари» ёдгорликлари пойига гулчамбар қўйди

Saqlash
12:43 / 08.05.2026 12 0

Шавкат Мирзиёев 8 май куни пойтахтимиздаги Ғалаба боғига ташриф буюриб, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган хотира маросимида иштирок этди. 

 

Анъанага мувофиқ, давлат раҳбари «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. 

 

Маълумот учун, мазкур муаззам обида урушда халқимиз чеккан азоб-уқубатлар, матонат ва йўқотишларнинг ифодасидир.

 

 

«Бугун орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, барча нуронийларимизга алоҳида меҳримиз, эҳтиромимизни изҳор этамиз. Ушбу мажмуа буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшган кўп миллатли халқимизнинг жасорати ва қаҳрамонлигини тараннум этадиган табаррук маскан, десак, тўғри бўлади», деди Президент.

 

Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳам иштирок этиб, мазкур ёдгорлик пойига гуллар қўйди.

 

 

Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги «Миллат фидойилари» хиёбонида ҳам бўлиб, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

 

 

«Бир йил олдин мана шу ҳудудда «Миллат фидойилари» мажмуасини барпо этганимиз, албатта, бежиз эмас. У Ватан ҳимояси ҳар бир авлоднинг муқаддас иши экани, ватанпарварлик анъаналари давомийлигини эслатиб туради», деди давлат раҳбари.

 

 

Таъкидлаш керак, мажмуада мустақиллик йилларида Ватанимиз озодлиги, эл-юртимиз тинчлиги йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган 196 нафар ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг номлари муҳрлаб қўйилган.

 

Давлатимиз раҳбари ота-оналарга шундай баҳодир, довюрак фарзандларни дунёга келтириб, ҳақиқий ватанпарвар этиб тарбиялагани учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

 

 

Эслатиб ўтиш лозим, 2025 йилнинг ўзида бу мажмуани 650 мингга яқин юртдошимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилган.

 

Жорий йил буюк Амир Темур бобомизнинг 690 йиллик таваллуд санаси юртимизда, чет элларда кенг нишонланяпти.

 

«Бугун бу ерда саф тортиб турган «Темурбеклар мактаблари» ўқувчилари, мард ҳарбийларимиз тимсолида Алпомиш, Мангуберди ва Амир Темурларнинг янги авлодини кўрамиз. Буюк аждодларимизнинг бой мероси, илм ва тажриба мактаби нафақат музейларимиз, балки қалбимизга ҳам қайтмоқда. Бамисоли улар қайта тирилиб, Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини биз билан бирга барпо этмоқда. Тошкентдаги Ислом сивилизацияси маркази, Темурийлар тарихи давлат музейи, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини бориб кўрган ҳар бир одам буни чуқур ҳис этади», деди Президент.

 

Ватанни ҳимоя қилиш – давлат ва халқ учун ҳеч қачон кун тартибидан тушмайдиган масала. Бу барчамиз учун – муқаддас ва буюк бурч. Айниқса, бугунги ўта таҳликали замонда бу ўн карра, юз карра долзарб бўлиб бормоқда.

 

Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги катта тантана билан нишонланади. Ушбу улуғ сана «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» деган эзгу шиор асосида кутиб олинаётгани замирида, албатта, чуқур маъно бор.

 

«Бугун яқин-атрофимиздаги минтақаларда бўлаётган қарама-қаршилик ва уруш-жанжалларни кўриб турибмиз. Мана шундай мураккаб вазиятда миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш – энг катта куч, энг катта бойлик эканини ҳаётнинг ўзи яна бир бор тасдиқламоқда. Ватанни ҳимоя қилиш – дунёдаги энг улуғ ва шарафли ишдир. Бу ҳақиқатни чуқур англаб, ҳарбий қасамёдига доимо содиқ бўлиб келаётган ботир ва довюрак ўғлонларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди», деди давлат раҳбари.

 

Шавкат Мирзиёев «Миллат фидойилари» хиёбони кеча-ю кундуз жасорат овози янграб турадиган, тинчлик учун курашга чорлайдиган қутлуғ маскан бўлиб қолиши, минглаб, миллионлаб Ватан посбонларини тарбиялашга хизмат қилишини таъкидлади.

 

Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ўғлонларимизнинг оила аъзолари ва фарзандларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилиши айтилди.

Izoh yo‘q

Izoh qoldirish

//