Жадидчиликнинг “иккинчи тақиқ” даврини ҳам кўрган Бегали Қосимов хонадонида уй-музейи ташкил этилади

Сақлаш
15:21 / 07.09.2022 846 0

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ташаббуси билан Касби туманининг Денов қишлоғида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” Бегали Қосимов туғилиб ўсган хонадон уй-музейи сифатида ташкил этилмоқда. Бу ҳақида ҳокимлик матбуот хизмати хабар берган.

 

Илмий фаолиятини тўлалигича жадидлар мавзусига бағишлаган Бегали Қосимов 1942 йил мазкур туманнинг Денов қишлоғида туғилган. Адиб 10 дан ортиқ илмий асар, дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар муаллифидир. У 1993 йилдан бошлаб Миллий уйғониш даври адабиёти кафедрасининг мудири ва асосчиси ҳисобланади.

 

 

Адлия вазирининг маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова жадидшунос олим Бегали Қосимов ҳақидаги хотираларини ёдга олди:

 

“Домла жадидшуносликнинг нафақат назариячиси, балки моҳиятан ўша ҳаракат-фалсафанинг амалиётчиси ва шахсан тарғиботчиси ҳам эди. Бегали Қосимовнинг ғояга фидойилиги шу даражадаки, жадидчилик даврини тадқиқ қилиш мутлақ тақиқланган замонларда ҳам “инқилобий шеърият”, “маърифатпарварлик адабиёти” деган номлар билан қаловини топиб жадидлар меросини ўрганган ва китоблар нашр эттирган.

 

Чархи кажрафторнинг ишини кўрингки, Бегали Қосимов умрининг сўнгги йилларида жадидчиликнинг “иккинчи тақиқ” даврини ҳам кўрди: нимагадир бу даврни асл номи билан ўрганиш тақиқланди. Ҳатто Бегали Қосимовнинг ўз номи ҳам “қора рўйхат”га тушганини айтишади, сабабини домланинг ўзлари ҳам аниқ билмасдилар, шекилли. Буни биз билан муҳокама қилмасдилар, ҳеч нима бўлмагандек илмни давом эттираверганлар.

 

Охирги марта устозимни касалхонада кўрган эдим. Жисми дард билан курашсада, фикри илмда эди домланинг: илмий ишимни гаплашдик, охирги мақолаларини сўрадим, ҳали чиқмади дедилар. Кейин Бегали устозни кўрмадим.



Бу йил декабрда устозим ҳаёт бўлганларида 80 га кирар эдилар. Қани энди у кишининг юбилейлари ҳам катта санъаткорлару кино арбобларникидек нишонланса...” , – дея ёзган у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//