Сиёсат
Ҳаётимда кўп сайловларни кўрдим, ҳар бир ўтган сайлов ўз даврининг руҳини акс эттиради, ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради.
Худди шундай, бу йилги Президентлик сайлови ҳам Ўзбекистон тарихида ўзига хос жиҳатлари билан муҳрланиб қолади.
Эрталабдан туриб мен ҳам эл қатори конституцион ҳуқуқимдан фойдаланиб, маҳалламизда жойлашган 51-сайлов участкасида аёлим билан ўзимиз танлаган номзодга овоз бериб келдик, у ерда маҳалладошларни кўриб бироз суҳбат қурдик ва уйга келиб бугунги ўтаётган Президент сайлови ҳақида баъзи мулоҳазаларимни билдиргим келди.
Биринчидан, бу сайлов кампанияси холислик, очиқлик ва ошкоралик руҳида ўтмоқда.
Сайлов жараёнида нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёдан одамлар иштирок этди, кимдир бизни қўллаб қувватласа, кимдир танқид қилди, кимдир бутун дунёга аюҳаннос солиб сайловни бекор қилишга уринди! Аммо ўз ҳақини таниган, ўзининг янги дунёқарашига эга бўлган халқимизни бундай уринишлар кўзлаган мақсадимиздан чалғита олмади, буни бугунги сайловчиларнинг фаоллиги ва тетик кайфияти ҳам кўрсатиб турибди.
Иккинчидан, сайлов сиёсий партиялар номзодларининг рақобат қилишга кўникмалари шаклланганини кўрсатди, жамиятда қўрқув ҳиссининг чекинаётгани, эркин фикрлаш, эркин мустақил муносабат билдириш, мустақил танлов қилаолиш имкониятларининг тобора кучайиб бораётганлиги - бу кунимизнинг муҳим белгиси сифатида намоён бўлди.
Учинчидан, сайлов кампанияси миллий сайлов қонунчилигимиз, Сайлов кодекси талаблари асосида бўлиб ўтмоқда. Партиялар номзодларига тарғибот ишлари учун давлат телеканалларидан бир хилда эфир вақти ажратилди. Матбуотда ҳам теппа-тенг имконият берилди. Номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларига ҳам тенг шароитлар яратилди, қизғин дебатлар ўтказилди.
Тўртинчидан, ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон Президенти сайлови умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда демократик тамойиллар асосида, очиқ-ошкора ўтказилмоқда ва халқаро майдонда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Мисол учун, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги Президент сайловини кузатиш учун юртимизга тўлақонли кузатувчилар гуруҳини юборди ва ушбу омил ҳам сайлов умумэътироф этилган мезонлар ва демократия тамойилларига содиқ ҳолда ўтказилишига катта умид билдирилганининг яққол ифодаси бўлди. Чунки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти барча давлатларга ҳам сайловни кузатиш учун тўлиқ таркибли гуруҳни юборавермайди. МДҲ, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, ШҲТ, Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши кузатувчилари ва бошқа қатор давлатлар ҳамда ташкилотлардан кузатувчилар миссиясининг ташриф буюриб, сайловни кузатаётганлиги ҳам мамлакатимиз имиджининг юқорилигидан далолат беради.
Бешинчидан, мени жуда қувонтиргани сайловчиларга нисбатан ҳурмат эътиборнинг ошгани. Марказий сайлов комиссияси сайловни ўтказишга жуда катта тайёргарлик кўрган. Ҳар бир сайловчининг уйига юқори сифат ва дизайн билан безатилган, сайлов участканинг манзили, телефони ва соат нечага қадар овоз бериш мумкинлиги кўрсатилган чиройли таклифнома юборилдики, бу ҳар қандай одамни руҳлантириб юборади, сайлов участкасига боришга чорлайди. Хуллас, сайловнинг нафақат тарғибот ташвиқот, балки ташкилий жиҳати ҳам аввалги сайловлардан ўзининг юқори сиёсий маданий даражаси билан фарқ қилади десам хато бўлмаса керак.
Бир сўз билан айтганда, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари халқаро ва миллий қонунчилик, демократик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилмоқда.
Ишонаманки, қонуний, холис, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтаётган Президент сайлови мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга, энг асосийси, жонажон Ўзбекистонимизни янада тараққий эттиришга, халқимиз келажаги ва бугунги куни янада порлоқ бўлишига хизмат қилади.
Сайловчи Исмоил Саифназаров
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ