Маданият
Ўзбекистон инсоният тамаддунининг қадим бешикларидан биридир. Наманган вилоятида кашф этилган яна бир тарихий ёдгорлик буни илмий жиҳатдан исботлаш, археология фанини янги маълумотлар билан бойитиш баробарида мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтиришга ҳам ҳисса қўшиши мумкин.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган «Ички ва халқаро туризмнинг «Учтепа-Булоқмозор» мажмуаси археологик ёдгорликларини ўрганиш ва уларни мовий осмон остидаги музейга айлантириш» мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида Норин туманида зардуштийлик даврига оид қадимий ибодатхона аниқланди. Бу ҳақида вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Академик Аҳмадали Асқаров бошчилигидаги илмий жамоа қазиш ишлари давомида қадимги тош даврига оид, ҳудудда зардуштийлик қарашлари ва ислом динининг кенг тарқалиши билан боғлиқ ўта ноёб топилмалар ҳамда ибодатхонани кашф қилдилар.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илмий ва инновацион фаолиятга оид дастурларни шакллантириш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Отажонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ тадқиқот олиб борилаётган объектда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
«Биз қазишма ишларини олиб боришдан аввал тепалик остида қадимий ҳукмдорнинг қабри ва ўша давр анъаналарига кўра унга қўшиб кўмилган бойликлар бўлса керак, деб тахмин қилгандик. Натижалар биз кутгандан ҳам аъло бўлди – қўлга киритган манбаларимизнинг илмий қиммати ва аҳамияти беқиёс», дейди академик А.Асқаров.
Дарҳақиқат, олис тарихдан гувоҳлик берувчи кўҳна ёдгорлик ҳудудда шаҳарсозлик, тасвирий санъат, илмий-фалсафий дунёқараш, ёзув маданияти жуда қадимдан ривожланганлигидан далолат беради.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган ва 2019-2020 йилларда амалга оширилган – «Ахсикент Қорахонийлар даври (XI-XII асрлар) тарихий топографияси ва унинг туризм объектига айлантириш» мавзусидаги лойиҳа ҳам ижобий якунланган эди. Наманган вилоятида жойлашган бундай тарихий ёдгорликлар ва очиқ осмон остидаги музейлар силсиласида туризм йўналишларини яратиб, мамлакатимизнинг ички ва халқаро миқёсдаги туристик салоҳиятини юксалтириш имконияти мавжуд.
«Учтепа-Булоқмозор» ёдгорлиги, у ердан топилган бошсиз роҳиба, кутвол (шаҳар ҳокими) хотини ва боласининг қолдиқлари, олови ўчмайдиган ўчоқлар ҳақидаги суҳбат-мақола тез кунларда эътиборингизга ҳавола этилади.
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ