Юнусободда куйдиргига чалиниш ҳолати аниқланди

Сақлаш
14:58 / 19.08.2022 619 0

Тошкент шаҳрида 2022 йилнинг шу даврига қадар куйдиргига чалинганликда гумонланган 10 кишининг 1 нафарида касаллик тасдиқланди. Бу ҳақида эпидемиолог Лола Умарова «Yoshlar» телеканали «Yangi davr» кўрсатувига берган интервьюсида маълум қилди.

 

Қайд этилишича, касаллик Юнусобод туманида яшовчи фуқарода аниқланган. 2021 йилда эса 30 киши куйдиргида гумонланиб, уларнинг 10 нафарида касаллик тасдиқланган.



Маълумотларга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Санитария-эпидемиология хизмати вакиллари ва шаҳар Ветеринария бошқармаси ходимлари бошчилигида Тошкент шаҳар Учтепа тумани 26-оилавий поликлиникасида касалликнинг келиб чиқиши, тарқалиши ва олдини олиш юзасидан тадбир ўтказилган.



Айтилишича, куйдирги асосан йирик ва майда шохли чорва моллари, қора моллар, қўй, эчки, от, туя ва одамларда учрайдиган юқумли касаллик бўлиб, касалланган ҳайвонни сўйиш, терисини шилиш гўштини майдалаш мумкин эмас.



Шунингдек, касаллик ўта юқумли бўлиб, ҳайвондан ҳайвонга, ҳайвондан эса одамга юқади, аммо одамдан одамга юқмайди. Куйдирги йилнинг тўрт фаслида ҳам учрайди аммо кўпроқ ёз ва баҳор ойларида кенг тарқалади.



Бунинг сабаби эса баҳорда ёмғир ва сел сувларининг ер юза қатламини ювиб кетиши, қурилиш қазиш ва таъмирлаш ишлари натижасида пастки қатламдаги спорали микроблар ернинг юза қатламига чиқиб қолиб, ҳайвонларга сув, ўт ва бошқа йўллар билан юқиши ҳисобланади.



Ўқув машғулотида куйдирги билан гумонланиб келган беморларга дастлаб қандай биринчи ёрдам кўрсатиш кераклиги ўргатилган. Келган беморларда куйдирги асосан юзаки яра, бўйин юз соҳалари, қўл ва бармоқларда бўлиши мумкин. Касаллик кўп ҳолларда эркакларда, қассоб, чўпон, ветеринар ва гўшт сотувчиларида  учраши таъкидланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//