Нукус шаҳрида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китоби тақдимоти ўтказилди

Сақлаш
03:03 / 16.08.2022 804 0

Бугун Қорақалпоғистон Республикасида «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида бўлиб ўтаётган маданий-маърифий тадбирлар доирасида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ Ўзбекистон Қаҳрамонлари ва уларнинг оила аъзолари, маънавият фидойилари, олимлар, зиёлилар ҳамда ёшлар иштирок этди.

 

 

Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов очиб берар экан, Қорақалпоқ заминидан етишиб чиққан Муса Эрниязов, Ибрагим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов сингари турли соҳалардаги юрт қаҳрамонларининг Ватан равнақи, эл фаровонлиги, фарзандлар тарбияси йўлида бахшида бўлган шарафли умр йўллари ҳақида бирма-бир тўхталиб, қаҳрамонлар ва уларнинг оила аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

 

Тақдимот давомида Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Анеся Сайтова ва Серсенбай Сейтназаровлар ёшларга ўзларининг қаҳрамонлик ҳаёт йўллари, чеккан шарафли машаққатлари, ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.

 

 

Шунингдек, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Маҳмутжон Йўлдошев, Қорақалпоғистон халқ жирови Бахберген Серенбетов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Курция Эсонова ва бошқа санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларни хушнуд этди.

 

 

Эслатиб ўтамиз, Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китоби чоп этилди. Мазкур китоб-альбом миллатимиз қаҳрамонларига эҳтиром сифатида яратилди. Унда Ватанимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб, «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони ҳамда «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланган 103 нафар юртдошимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади.

 


Китоб саҳифаларидан Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Муса Эрниязов, шунингдек, миллий адабиётимиз, санъат ва жамоат арбоблари – Саид Аҳмад, Тулепберген Қаипбергенов, Озод Шарафиддинов, Суйима Ғаниева, Зикир Муҳаммаджанов, Ибрагим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Малика Абдуллахўжаева, Хасан Нормурадов, Лола Муротова сингари Ўзбекистоннинг янги тарихида муносиб из қолдирган 103 нафар шахслар ўрин олган. Уларнинг ибратли ҳаёт йўли, шонли меҳнат фаолияти ёрқин маёқ сингари авлодлар қалбида мангу шараф тимсоли бўлиб қолади!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//