Тошкентда юзлаб одамлар яна бир молиявий пирамида қурбонига айланди

Сақлаш
21:50 / 12.08.2022 807 0

Тошкентда яна бир молиявий пирамида ташкил қилингани маълум бўлди. Бу ҳақида Xabar.uz нашри хабар берди.

 

Таъкидланишича, офиси Тошкент шаҳрида жойлашган «Rayyona Qutlug‘» фирмаси уй ва автомобил олиб беришни ваъда қилиб, 300 нафарга яқин одамдан турли миқдордаги пулларни йиғиб олган, аммо белгиланган муддатда ваъдасини бажармаган. Нашрнинг ёзишича, 4 август куни молиявий пирамида асосчиларидан бири корхона ҳисобрақамидаги пулларни ечиб олиб, чет элга қочиб кетган.

 

Жабрланганувчилар автомобил учун ўртача 4-5 минг доллар, уй учун эса ўртача 15-17 минг доллар бошланғич тўлов тўлашгани, бундан оила аъзолари, турмуш ўртоқлари бехабар бўлганини маълум қилишган.

 

Акмал, жабрланувчи, Қашқадарё вилоятидан:

– «Rayyona Qutlug‘» фирмаси ҳақида интернет орқали хабар топганман. Аввалига ишончсиздай туюлган эди, бироқ келиб кўрганимда бу ердагиларнинг мижозларга муомаласи, тўловларнинг банк орқали қилиниши ва айрим мижозларга берилаётган уй ва машиналар уларга бўлган ишончимни орттирди. Қолаверса, фирма хизматларини исломий шартларда таклиф қилгани ҳам уларга ишонишимга қайсидир маънода туртки бўлди.

 

Улар менга 4 йилдан бери ишлаётган фирма эканини айтишганди. Энди билишимизча, очилганига 8 ой бўлган экан. Ҳозир раҳбарларидан бири банкдаги пулларни ечиб, Озарбойжонга қочиб кетганмиш.

 

Мен 1 август куни уйга 10 йилга бўлиб тўлаш шарти билан бошланғич 120 миллион сўм тўлов қилганман. 

 

Озода, жабрланувчи. Сурхондарё вилоятидан:

– Тўйга деб йиғиб юрган пулимизни олиб келиб бергандим. Фоизсиз, пениясиз дейишгани учун турмуш ўртоғимга совға бўлсин деб, ундан рухсатсиз шу ерга тўлов қилганман.

 

Бу ерга келганимда одамлар 20 минг долларлаб уйга тўлов қилаётганларини кўриб, ишониб қолдик. 5 нафар бўйи етган фарзандларим бор, уларнинг тўйлари учун йиғиб юрган пулларимга озроқ қарз кўтариб, жами 5 минг доллар тўлов қилгандим. Энди ҳаммасига куйиб ўтирибман.

 

Муқаддас, жабрланувчи. Тошкент шаҳридан:

 

– Биз ҳам интернет орқали хабар топгандик. Аввалига ишонмадик, аммо бу ердагилар шунақа муомала қилишди ва хизматлари ҳақида айтиб беришдики, оқибатда яшаб турган уйимизни сотиб, бошланғич тўлов – 90 кв.м майдонга эга хонадон учун 170 миллион сўмни тўлаган эдик. Уч нафар ўғлим бор. Турмуш ўртоғим билан келишиб, уйни кенгайтирмоқчи эдик. Улар истасак кўп қаватли уйлардан хонадон, истасак ҳовли-уй олишимиз мумкинлигини айтишди. Биз масаламиз осон ҳал бўлаётганидан, шундай ҳожатбарор кишилар бор, деб хурсанд бўлиб юраверибмиз...

 

Муқаддас пулларни олиб қочиб кетган фирма раҳбарларидан бири – Гулямов Зафар (у мижозларга ўзини Абдуллоҳ деб таништирган) билан ўша куни ҳам Telegram орқали ёзишганини айтади. Бизга тақдим қилинган скриншотларда кўринишича, ўзини «Абдуллоҳ» деб таништирган ва айни пайтда Баку шаҳрига қочиб кетгани айтилаётган Гулямов Зафар унга ўзининг соғлиғидаги муаммолари сабабли Ҳиндистонда экани, хавотир олмаслиги, ҳаммаси жойида бўлиши ҳақида таскин берувчи гапларни айтади.

 

Мазкур ҳолат бўйича фирма ва фирманинг айни пайтдаги раҳбари – Эгамбердиев Эркинга адвокатлик учун ёлланган Фарҳод Мираҳмедовнинг айтишича, Гулямов Зафар 2022 йилнинг 10 январида «Rayyona Qutlug‘» МЧЖни ташкил қилиб, март ойига қадар бошқариб келган. Шу йилнинг 17 март санасидан бошлаб эса айни пайтда Тошкентда бўлган Эркин Эгамбердиевга фирма раҳбарлигини топшириб, ўзи норасмий равишда фирма ишларига бош-қош бўлиб келган. 4 август санасига келиб эса у Эгамбердиевни ҳамкорлар билан учрашиш баҳонасида Москвага учириб юборади ва ўзи фирма ходимларининг банк-карталарига пул ўтказиш ва улардан нақдлаштириб олиш йўли билан фирманинг бор пулларини олган. Сўнг чет элга чиқиб кетган.

 

«Гулямовда ҳам банкдан пул ечиб олиш учун керакли калит бўлган. Дастлабки ўрганишларимизда фирманинг жами айланмадаги маблағи 17 млрд сўм бўлганини аниқладик. Охирги марта кеча, 8 август куни ҳам 40 миллион сўм пул ечишга уриниш бўлган. Ҳозирда Эгамбердиев томонидан банклардаги ҳисобрақамларга тақиқ қўйилди», – дейди адвокат.

 

Orginfo.uz сайтида «Rayyona Qutlug‘» МЧЖ жорий йилнинг 10 январида давлат рўйхатидан ўтгани, устав фондида 400 миллион сўм бўлгани ва таъсисчиси Эркин Эгамбердиев, раҳбари Улуғбек Жумабоев экани келтирилган.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//