Миграция агентлиги ўзбекистонликлардан зиддиятли ҳудудларга бормасликни сўради

Сақлаш
22:49 / 09.08.2022 687 0

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди. Ижтимоий тармоқларда Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга жалб қилинаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда.

 

Унга кўра, Пермдаги ўзбек диаспораси раҳбари Жаҳонгир Жалолов Россияда ишлаётган меҳнат мигрантларига мурожаат қилиб, улар шу ерда пул топаётгани ва рўзғор тебратаётгани сабабли рус ҳарбийларига қўшилиб, Украинага қарши жанг қилишга мажбур эканликларини айтган. Шунингдек, хабарда Жаҳонгир Жалоловнинг Россия фуқароси экани айтилмоқда.

 

Шу муносабат билан, Ўзбекистон фуқароларидан бундай даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз, дейилади хабарда.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//