Жамият
Айрим сабабларга кўра ижара уйимизни алмаштирадиган бўлдик. Ҳар куни ОЛХ ва бошқа телеграм каналлардан ижара уй излашни бошладик. Кўпининг нархи қиммат, нархи маъқулроғи транспортга ноқулай, хуллас бошим қотди.
2 октябрь куни айнан менга маъқул уй эълонига кўзим тушди. Тўғри, нархи ҳам арзон эмас, лекин шароитлари тузук, транспортга ҳар томонлама қулай эди. Дарров телефон қилдим, рақам «маклер»га тегишли экан ва у уй эгаси «маклер»лар билан ишлашни хоҳламаётганини айтиб хонадон эгасининг рақамини берди.
Тинимсиз «банд»дан сўнг ниҳоят уй эгаси телефонни кўтарди. Мен кимлигимиз, ижарада нечта одам туриши ҳақида маълумот бердим, уй ҳолати ҳақида батафсилроқ маълумот олдим. Унга маъқул келди.
«Ҳозиргача 15тача йигитлар телефон қилди, ўзим қизлар ё оилага бераман деяётгандим», деди у. Бироқ мен ҳам уй эгаси ҳам вилоятда эдик. Уй эгасининг айтишича, у ўша дамда рафиқаси билан меҳмонга боргани, тахминан бир кунда қайтишини айтди. Мен ҳам худди ўша куни Тошкентга қайтишим керак эди. Уй эгаси “залог” берсам бошқага ваъда бермаслигини, уйни банд қилиб қўйишини айтди ва мен рози бўлдим. Сабаби бир неча кун уй излаб, ёққан уйларга ета олмаётган эдим. Ҳаммаси жуда тез ҳал бўлгандек эди.
Қишлоқдаман, аксига олиб пулни нақд қилиб пластик картамни бўшатгандим. Амаллаб картасига 300 минг сўм “залог” ташлаб бердик. Унгача ҳалиги одам тахминан 5 мартача пул тушмади, бошқаси “зайнит” қилаверсинми, бошқа оила чиқяпти, синглим олмоқчимисизлар ўзи дея телеграм орқали ёзиб турди. Пул тушди. Тушдию ҳалиги амаки на телефонни кўтаради на телеграмъдан ёзганимни ўқиб жавоб ёзади. Тушундим, демак мени чув туширишди.
1-2 дўқ қилиб ёзилган смсъдан сўнг телефон қилиб ҳозир муҳим иши борлигини кейинроқ калитни беришга келишини айтади.
Хуллас, шунақа ана бораману мана бораман билан 2 кун ўтди, у одам келмади.
Салдан сўнг мен ишониб чув тушган эълонни ижара эълонлари чиқадиган телеграм гуруҳларида кўрдим. Бошқалар ҳам мендек алданмасин деб, эълонни гуруҳдан олдирдим, эълон берган «маклер»га уй эгаси фирибгар эканини айтдим. У аввал тан олмади, рақами ва расмларини текшириб ҳа шу киши экан деди.
Қаттиқ жаҳлим чиқди. Гап фақат 300 минг сўм пулга чув тушганимда эмас, фирибгар одамлар ишончидан фойдаланиб қанча одамларни алдаб пулини олишга уринаётганида.
Ҳаммаси шундан кейин бошланди.
Бошқалар бу муаммога дуч келмасин, фирибгар таъзирини есин деб барча воқеаларни баён қилиб, фирибгарнинг карта рақами, телефони, пластик карта эгасининг исм-фамилиясини ёзиб ИИВга онлайн тарзда мурожаат қолдирдим. Ичимда ўйлаяпман, мана энди 2-3 кунга қолмай топиб келишади, тавбасига таянади, энди бошқа одамларни алдай олмайди деб.
Эртаси куни Қашқадарё ИИБдан телефон қилишди, бўлиб ўтган жараённи қайта-қайта сўради. Эртасига Тошкент шаҳар ИИББдан қўнғироқ бўлди. Хуллас, мана 10 кундан ошиқ вақт ўтди ҳамки, ҳали ҳам ИИВдагилар мени мурожаатимни қайси ҳудуд бошқармасига топширилишини билмай ҳалак. Яқинда мен ўзимни фирибгардек ҳис қилишни бошласам керак. Сабаби ҳар куни камида 1 ё 2 мартадан телефон қилиб мени тергов қилишади. Ёзган мурожаат матнимни тўлиқ қайтадан айтиб беришга мажбур бўламан.
Менимча, улар бу йўл билан мени узр дея, мурожаатимни қайтиб олишга мажбур қилишмоқчи. Фирибгарни излашга уриниш ҳам бошланмади ҳали. «Қойил қолдим» бизнинг ИИВ ишлаш тизимига.
Хулоса ўрнида айтсам, мурожаатимда рақамлар, исми фамилиялар, манзил, ОЛХ платформасидаги ҳаволаларнинг барчасини келтиргандим, ҳурматли ИИВ тизими ходимлари қийналиб қолмасин деб. Мурожаатда ҳам, телефон қилишганда ҳам мен пул учун эмас, ижарага муҳтож одамларнинг чув тушмаслиги учун ёзганимни маълум қилгандим. Қисқаси огоҳликка чақирувчи фуқаро бўлиш ҳам қийин экан.
Авваллари шу тизимдан ҳамма «дод» деса ҳайрон қолардим. Ўзим иш фаолиятини кўрдим «тан бердим», бу кетишда мен ҳам «дод» деб юбораман. Улар ҳали фирибгарни топишга ҳатто буйруқ олмаган, орадан 10 кундан ошиқ вақт ўтди. Бу вақт ичида ижарага уй излаб юрган нечта қора кўз алданди экана?
Шундоқ ҳам жиддий муаммога айланган ижара уйлари танқислиги ҳолати фирибгарларга қўл келмоқда. Қонун поспонлари кимга «ошна»? Фирибгарлик қурбони бўлаётганларгами ёки фирибгарларга. Улар нега бунчалар бемалолхўжа? Бу саволлар менга тинчлик бермаяпти.
Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА,
талаба
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
2 Изоҳлар
Умида
12:01 / 01.01.1970
Конун посбонлари деган ном увол уларга. Битта нарса килмиди факат ойлик олишни билишади. Узи сенни номингдан ёлгон курсатма хам ёзворади. Ишни хам ёпиб олишади. Бошлигига тушунтириш хам бир тийин. Чириган система пул килса булди
Komila
12:01 / 01.01.1970
Mani dardimku, 1,5 oydan beri ijarama ijara yurib charchadim, uy egalari har hafta har xil shart qo'yadi, turli bahona bilan narx oshirishga harakat qiladi. Oltin davrimiz shunaqa o'tyapti((