Бугундан «Tashkent city»га кириш бепул бўлди. Парк раҳбарияти бир ойдан бери фуқаролардан ноқонуний пул олганми?

Сақлаш
11:51 / 14.10.2021 1400 0

Бугун, 14 октябрдан бошлаб «Tashkent city»га кириш бепул бўлди. Бу ҳақда «Tashkent city» ХИМ ДУК дирекцияси маълум қилди.

«2021 йил 14 октябрь кунидан «Tashkent City» ХИМ боғи ҳудудига кириш бепул деб эълон қилади. Автотранспорт воситаларида кириши бундан мустасно», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Tashkent City’нинг паркига кириш Янги йил байрами арафасида — 2020 йил 17 декабрь куни пуллик қилиб белгиланган эди. Кириш чипталари нархи 5 ёшгача бўлган болаларга — бепул, 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун — 5 минг сўм, 12 ёшдан катталар учун — 10 минг сўм, пенционерларга — 5 минг сўм (гувоҳнома бўлган тақдирда), ногиронлиги бўлган шахсларга — бепул (гувоҳнома бўлган тақдирда), енгил автомобилда кириш — 20 минг сўм (йўловчиларни ҳисобга олган ҳолда).

Кейинчалик парк ҳудудига пуллик кириш тартиби дастлаб 31 мартгача, кейинчалик 30 сентябрга қадар узайтирилди. Бу санадан сўнг кириш тартибига ўзгартириш киритилгани бирор жойда эълон қилинмаган. Фақат бугун, 14 октябрдан бошлаб паркка кириш бепул бўлгани эълон қилинди. Бир ойдан ошиқ вақт давомида парк ҳудудига кириш қайси асосга кўра пулли бўлгани очиқланмаган. Парк раҳбарияти бир ойдан бери фуқаролардан ноқонуний пул олганми? Бугун эълон қилинган хабарда бу ҳолатга бирор изоҳ берилмаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//