Битта мобил илова грант лойиҳаси учун 2,6 млрд сўм сўралди

Сақлаш
22:17 / 02.08.2022 1226 0

«Янги Ўзбекистон стратегияси» китобининг мобил иловасини яратиш учун 2 млрд сўм, луғати учун 350 млн сўм грант сўралди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида қайд этилди.



Мазкур лойиҳа жамоатчилик орасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Вазирликнинг маълум қилишича, Президентнинг тегишли фармони ижросини таъминлаш мақсадида «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китобининг мобил иловаси» лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа раҳбари: юридик фанлар доктори, профессор Саидов Акмал бўлиб, ижрочи – «Барқарор ривожланиш маркази» нодавлат-нотижорат ташкилоти.



«Ушбу лойиҳа доирасида Корея ва Ҳиндистонга хизмат сафари қўйилган. Икки киши бориб келиши учун 169 миллион сўм кўзда тутилган. Хизмат сафарининг мақсади – мобил илова яратиш бўйича Корея ва Ҳиндистон тажрибасини ўрганиш. Мобил илова яратиш тажрибаси борку, ўзи! Кореяга бориб ўрганиб келиш шартмаску!



Ундан ташқари, «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобининг мобил иловаси тақдимоти ва тарғиботи ҳам қайд этилган. Иловани Корея ва Ҳиндистонга бориб, тақдимот қилишмоқчи», дейди вазирликнинг илмий ва инновацион фаолиятга оид дастурларни шакллантириш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Отажонов.



Қайд этилишича, ушбу лойиҳани амалга оширишга 18 нафар ходим жалб қилинади. Маош учун ҳар ой ўртача 66 миллион сўм ажратилади. Бир йилда умумий ҳисобда 800 миллион сўм ойлик иш ҳақига сарфланади.



«Мен етти йил илмий-техник кенгашга раислик қилганман. «Супурги боғлашда инновацион технологиялар» деганга ўхшаш мавзуларни бериб, пул олиш ҳолатлари бўлганини биламан. Америкаликлар эса ҳозир Ниагара шаршарасининг балиқ миясига таъсирини кашф қилишди. Лекин ўша кашфиётнинг инсонга нафи тегмайди. Шунга ўхшаш мавзу бўлиб қолмаслиги кераклигини яхши тушунаман. Булар (лойиҳа яратувчилари) айтишяптики, бир йилга бешта вазифа қўйганмиз. Шу вазифаларга маблағларни ҳам ажратиб чиқдик. Масалан, тўртта нарса минг донадан чоп этилади, деб ҳисоблаб беряпти. Сизлар бизни мажбур қиляпсизлар, бу ишни бир йилга қилишга деяпти», деди «Филология ва ижтимоий фанлар» йўналиши бўйича илмий-техник кенгаш раиси ўринбосари Қиёмиддин Назаров.



Йиғилишда Инновацион ривожланиш вазири бир қатор эътирозларини маълум қилган. Унга кўра, лойиҳада мобил иловани яратиш учун 260 миллион сўм белгиланган. Ва шу маблағга қўшимча равишда 500 миллион сўм ойлик маош етарли бўлади. Бошқа харажатлари эса ортиқча.



«Президентнинг тайёр асари турган бўлса, буни ёзиш керакмас, унга битта сўз қўшолмаймиз… Умуман, луғат нега керак?! Уни оддий бошқа луғатлардан нима фарқи бор?!» дейди вазир.



«Янги Ўзбекистон» деган луғат бизда йўқ. Бўлиши керак, шарт. Ҳамма ҳар кун гапиряптику, агар луғат бўлса, зўр бўлади. У Янги Ўзбекистон тўғрисидаги луғат бўлади», дейди «Филология ва ижтимоий фанлар» йўналиши бўйича илмий-техник кенгаш раиси ўринбосари.



Ҳайъат йиғилиши қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Онлайн трансляция қилинган мажлис тугамасидан блогерлар лойиҳа ҳақидаги танқидий фикрларини эълон қила бошлади. Ўша пайтдаёқ вазирликка турли мурожаатлар ҳам келиб тушгани айтилмоқда. Уларда қайд этилишича, ушбу мобил иловани яратиш учун 200 миллион сўм ҳам етарли. Бошқа бир дастурчи эса текинга ясаб беришни таклиф қилган.



Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур лойиҳа ҳайъат йиғилишида харажатлар сметасини қайта кўриб чиқиш, вазифаларни тадқиқот мақсадларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштириш учун «Ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фанлари» ва «Филология ва ижтимоий фанлар» йўналишлари бўйича илмий-техник кенгашларга ва тегишли бошқармаларга қайтарилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//