Йигирма йиллик тарихга эга “Заковат” ўйинлари ғолиблари тақдирланди

Сақлаш
09:10 / 13.10.2021 1153 0

Кеча Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “Bukhara Desert Oasis” туризм масканида “Заковат” интеллектуал ўйинининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Унда Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Финалда Хоразм ва Навоий вилояти жамоалари баҳсга киришди. Якунда хоразмлик ўйинчилар ғолиб бўлди.

Тадбир сўнгида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзларкан, финални Бухорода ўтаётганига алоҳида урғу берди. Бу заминдан Имом Бухорий, Ибн Сино, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Муҳаммад Наршахий, Абдурауф Фитрат каби кўплаб буюк алломалар етишиб чиққанини қайд этиб, бугунги ёшлар уларга муносиб ворис бўлишига ишонч билдирди.

Бу йил “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилганига 20 йил тўлди. Президент билимдон ёшларга шароит яратиш учун кўплаб ташаббусларни билдирди. Аввало, мамлакатимиз ёшларидаги илмга интилиш ва интеллектуал салоҳиятни инобатга олиб, “Заковат” ўйинлари оммавий маърифий ҳаракатга айлантирилади. 

Ҳаракатни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилади. Ҳар бир мактаб, ҳар бир олийгоҳда “Заковат” клуби фаолияти йўлга қўйилади. Ғолиблар учун “Заковат” стипендияси жорий қилинади. Тошкентда алоҳида бино ва Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси барпо этилади. Вилоятларда эса “Интеллектуал парклар”, Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида “Интеллектуал мактаб” ташкил қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўша ернинг ўзида “Заковат” интеллектуал ўйини фаол иштирокчиларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Қуйидагилар ўзининг юқори интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан ёшларни чуқур билим олишга, илм-фан сирларини эгаллашга ундаб келаётгани, улар ўртасида соғлом илмий-маърифий рақобат муҳитини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва ривожлантириш, буюк аждодларимизга муносиб бўлган баркамол авлодни вояга етказишда фарзандларимизга алоҳида ўрнак ва намуна бўлаётгани, «Заковат» интеллектуал клубининг қизғин ва муросасиз баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритгани ҳамда профессионал билимдонлар сафини кенгайтиришга катта ҳисса қўшаётгани учун” тақдирланди:

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан

Абдуллаев Абдурасул Муминович – «Заковат» интеллектуал клуби» нодавлат нотижорат ташкилоти директори

«Келажак бунёдкори» медали билан

Жуманов Беҳзод Турсунбаевич – Гурлан туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси, Хоразм вилояти

Ходжаев Навруз Азаматович – Урганч шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор, Хоразм вилояти

Ходжаев Ферузбек Кахрамон ўғли – «Ишонч» дўконлар тармоғининг Хива филиали бошқарувчиси, Хоразм вилояти

«Шуҳрат» медали билан

Маткаримов Азамат Хурматович – Хива шаҳридаги Президент мактабининг информатика фани ўқитувчиси, Хоразм вилояти

Тажиев Жамоладдин Нурлаевич – Хива шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор, Хоразм вилояти

Ҳасанов Шодлик Бекпўлатович – Хоразм Маъмун академияси раисининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Хоразм вилояти

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси