Ўзбекистон интеллектуал салоҳият бўйича Марказий Осиёда лидерлик мақомида – Иринэ Гочашвили

Сақлаш
00:14 / 27.07.2022 1299 0

Грузин шоираси ва таржимони Иренэ Гочашвили  Ўзбекистон интеллектуал салоҳият бўйича Марказий Осиёда лидерлик мақомида деган фикрни билдирди. У бу ҳақида фейсбук саҳифасида маълум қилган. Ижодкор “Маданият ва маърифат” телеканалида намойиш этилаётган “Биргаликда кўрамиз” кўрсатуви ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишган. 

 

Телеканал Тенгиз Абуладзенинг ижодига бағишлаб бир қанча кўрсатувлар намойиш этган.

 

“Ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб шуни тушундимки, Гулмира Мусажонова бошловчилигидаги “Биргаликда кўрамиз” кўрсатуви ўз томошабинига эга экан. Шахсан ўзимни Абуладзенинг “Илтижо” фильмига бағишланган сони жуда қизиқтирди. “Илтижо” фильмининг таҳлилидан шуни тушундимки, интеллектуал салоҳият бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида лидерлик мақомида экан", дея ёзган у.

 

Шунингдек, Иринэ Гочашвили кўрсатувда адабиётшунос, профессор Иброҳим Ҳаққул ва Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова иштирок этгани ва уларнинг фикрлари юракка қўйиладиган гаплар экани ҳақида ёзган. 

 

У кўрсатув меҳмонларининг “Илтижо” фильмидаги рамзлар, қиёфалар, декорация ва тасвирчининг маҳоратига – деярли ҳар бир деталга тўхталгани ҳақида ёзар экан улар билдирган фикрлардан иқтибослар келтирган. 

 

“Иброҳим Ҳаққулдан иқтибослар келтираман: “Ницшеда бир гап бор: дунёни оптимистлар эмас, пессимистлар қутқаради” , “Рауф Парфи эса “фақат шоир ҳақли бахтсиз бўлмоққа” деб ёзганди”, “Тенгиз Абуладзенинг ютуғи ўша совет давридаёқ сохта ватанпарварлик билан, ура-ураю минбарбозлик билан инсоннинг моҳиятига етиб бориб бўлмаслигини билган. Одам қачон ичдан эркин бўлса, ўша эркинликни ҳаётга жорий қилман деса – мана шу жасорат! Айнан шу жиҳат уни оломончиликдан ажратиб туради. Оломон даҳшатли куч”.

 

Дилором Каримова айтади: “Сахаров ва Эйнштейнлар дунё ҳақида, инсоният тақдири ҳақида қандай қайғурган бўлса, Абуладзе ҳам инсоният тақдири ҳақида шундай қайғурган. Ва бу унинг ижодига кўчган. Абуладзенинг ҳар бир фильмида мустабидлик ва жаҳолатга муносабат бор”.

 

Қанийди, мазкур кўрсатув билан грузин жамияти ҳам тўлиқ танишиб чиқса!”, дея ёзган Иринэ Гочашвили.

 

У ушбу фильмни эсланиши ўзи учун катта шарафлигини қайд этган ва кўрсатув ижодкорларига миннатдорчилик билдирган.

 

Маълумот учун: Иринэ Гочашвили – шоира, таржимон. Горький номидаги Адабиёт институтини тамомлаган.

 

Онаси Мзия Хетагури грузинларнинг машҳур шоираси. Отаси – Жамал Гочашвили, Грузия халқ артисти.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//