Энергетика вазирлиги уй шароитида электр энергияси ва газни тежаш бўйича тавсиялар берди

Сақлаш
03:48 / 20.07.2022 1275 0

Энергетика вазирлиги уй шароитида электр энергияси, иссиқлик энергияси ва газни тежаш бўйича тавсиялар берди. Тавсиялар вазирлик матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

 

Қуйида мазкур тавсияларни санаб ўтамиз. Электр энергиясини тежаш бўйича:

 

  • Биласизми, телевизор, магнитофон ва бошқа аудиотизим жиҳозлари кутиш режимида соатига ўртача 10 ватт ва ойига ўртача 7,3 килоВатт/соат электр энергиясини сарфлайди. Уларни тармоқдан тўлиқ узиб қўйиш лозим.
  • Одатда, очиқ рангли деворлар ёки очиқ рангли обойлар бўлган хоналар тўқ рангли хоналарга қараганда камроқ ёритишни талаб қилади. Буни кейинги таъмирлаш вақтида ҳисобга олиш мумкин. Бундан ташқари, оқ рангли пардалардан фойдаланиш яхшироқдир.
  • Совутгични газ плитаси ёки иситиш радиатори ёнига ўрнатманг. Бу музлатгичнинг электр энергияси истеъмолини 20-30 фоизга оширади.
  • Кам қувват истеъмолли ва юқори энергия самарадорлиги бўлган «А», «А +”, «А ++” ёки «А +++” маиший техника ва электрон жиҳозларни сотиб олинг.
  • Кундалик ҳаётда истеъмол қилинадиган барча энергиянинг асосий улуши — 79 фоизи хоналарни иситишга тўғри келади, энергиянинг 15 фоизи иссиқлик жараёнларига (сув иситиш, пишириш ва бошқалар), 5 фоизи маиший электр техникаларга ва энергиянинг 1 фоизи ёруғлик, радио ва телевизор ускуналарига сарфланади.
  • Кир ювиш машинасидан фойдаланганда пастроқ ҳароратда кир ювишга ҳаракат қилинг. +90 C ювиш ҳароратида энергия сарфи +60 C ювиш ҳароратига қараганда 30-40 фоиз юқори бўлади. Баъзан кир ювиш учун +30/40 даража ҳарорат ҳам етарли бўлади.
  • Совутгичдан фойдаланганда, эшиги очиқ бўлган ҳар бир дақиқа учун унинг энергия сарфи уч бараварга ортишини унутманг.
  • Агар маиший техникадан тўғри фойдаланган ҳолда, энергия тежайдиган лампалардан фойдалансангиз, жиҳозларни кутиш режимида қолдирмасангиз — бу энергия ҳаражатларининг камайишига хизмат қилади ва оила бюджетини тежаш имконини беради.

 

Табиий газни тежаш бўйича тавсиялар:

 

  • Биласизми, идишларнинг деформацияланган пастки қисми газ сарфини 50 фоизгача ортиқча ишлатилишига олиб келади.
  • Ифлосланган идишлар овқат пишириш учун 4-6 баробар кўпроқ газ сарфини талаб қилади. Овқат пишириладиган идишлар тоза ва куймаган бўлиши керак.
  • Биласизми, газ плитасининг олови қозон, това, чойнак тагидан ташқарига чиқмаслиги керак. Бундай ҳолда, сиз фақатгина уйингиз хонаси ҳавосини иситиб, табиий газни меъёрдан 50 фоиз ёки ундан кўпроқ сарфлайсиз.
  • Газ плитаси горелкаси остига алюминий фольга қистирмаларини ўрнатиш тавсия этилади. Бундай ҳолда, горелка жуда қизиб кетмайди ва ифлос бўлмайди, газ эса 30 фоиз ёки ундан кўпроқ тежамкорроқ ишлатилади.
  • Биласизми, овқат пишириш учун сарфланадиган 1 куб метр газ 2-3 килоВатт/соат электр энергиясига тенг.

 

Иссиқлик энергиясини тежашга оид тавсиялар:

 

  • Биласизми, иситиш радиатори орқасидаги деворга иссиқликни қайтарувчи экраннинг (ёки алюминий фольгани) ўрнатилиши, қишда ички хона ҳароратини 1-2 даражага ошишига имкон яратади.
  • Чўян радиаторларини алюминийларига алмаштиринг. Ушбу радиаторларнинг иссиқлик ўтказувчанлиги 40-50 фоизга юқори. Радиаторлар қулай ечиб олишни ҳисобга олган ҳолда ўрнатилган бўлса, уларни мунтазам ювиб туриш керак, бу ҳам иссиқлик ўтказувчанлигини оширишга ёрдам беради.
  • Балкон ёки лоджияни ойналаш қўшимча дераза ўрнатилганига тенг. Бу куз-қиш оралиқ ҳарорат муҳитида ташқаридан 10 даража юқори бўлган иссиқлик тампонини ҳосил қилади.
  • Дазмол ўчирилган ҳолатидаги қолдиқ иссиқлик кичкина кийим-кечакларни дазмол қилиш учун етарли бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//