Сиёсат
Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақида Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
“Кўриб турибсиз – дунёда озиқ-овқат танқислиги муаммоси кучайиб бормоқда. Айниқса, маҳсулот етиштирувчи асосий давлатларнинг экспортга чекловлар қўйиши ва транспорт-логистикадаги узилишлар муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда.
Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Бизда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланади.
Шу боис, юқоридаги хавф-хатарларнинг аҳолимизга таъсирини юмшатиш бўйича ҳар бир маҳалла, туман, вилоят даражасида аниқ ҳисоб-китоб ва чора-тадбирлар қилиш керак. Бунинг учун барча имкониятларни яратиб берганмиз”, деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида.
Йил бошида пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобидан аҳолига 80 минг гектар майдонни бўлиб бериш бошланди.
Аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатиш бўйича 3 мингдан зиёд “Томорқа хизмати” инфратузилмаси яратилди.
Томорқада маҳсулот етиштириш учун жорий йилнинг ўзида 400 миллиард сўм имтиёзли маблағлар ажратилди.
Жорий йил 6 ойида 821 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 102 минг тонна кўп мева-сабзавот экспорт қилинди.
Ҳозирга қадар ажратилган 64 минг гектарда жами 785 минг аҳоли бандлиги таъминланди.
Яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиб яхши тажриба ва тизим яратган туман ва маҳаллалар жуда кўп.
Хўжаобод, Мўйноқ, Ҳазорасп, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Нурота ва Сариосиё каби ўнлаб туманларда ҳам яратилган иш ўринлари кўрсаткичи қониқарли.
Президент Ҳазорасп тумани аҳолисига бу ислоҳот қандай имкониятлар яратгани ҳақида “Шовот” маҳалласи раиси Сора Ражабованинг фикрларини сўради. Унинг фикрларини эшитиб, барча маҳалла раисларига мурожаат қилди.
"Ҳар бир маҳалладаги хонадон ва кўча бўйларидаги ер майдонларига тажрибали деҳқонларни жалб қилиб, маҳаллангизда озиқ-овқат таъминоти бўйича ўз тажрибангизни яратсангиз, биласизларми қандай катта ўзгариш бўлади!”, деди Президент.
Йил якуни бўйича республикадаги 200 нафар намунали тажриба яратган маҳалла раисларини рағбатлантиришга топшириқ берилди.
Шу билан бирга, республика бўйича 16 минг гектар майдон эгасини топмаган. Чунки бу ерлар аҳоли яшайдиган жойдан узоқ, суви оғир, мелиоратив ҳолати ёмон, лалми ва яйлов майдонлардан танлангани учун уларга деҳқонларда қизиқиш йўқ.
Бундан ташқари, 4 минг 300 гектар майдон эгаларига кадастр берилмаган, яъни уларда ҳали эгалик ҳуқуқи йўқ.
Мутасаддиларга ва вилоят ҳокимларига танловда эгаси аниқланмаган ерларни аҳоли учун қулай майдонларга алмаштириш, ер эгаларига кадастр ҳужжатини расмийлаштириб бериш топширилди.
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ